Жамият | 14:40 / 22.08.2024
35633
2 дақиқада ўқилади

Мактабга эмас, қамоққа: Деновда 9-синф ўқувчиси қамоққа олинди

16 ёшли ўсмир безорилик жиноятини содир этганликда гумонланмоқда. Прокурор судда ўсмир тергов ва суддан яшириниши, очиқда қолса бошқа оғир ёки ўта оғир турдаги жиноятларни содир этиши мумкинлигини айтган. Суд прокурорнинг илтимосномасини қаноатлантириб, ўсмирга нисбатан қамоқ эҳтиёт чорасини қўллаган.

Денов туманида вояга етмаган ўсмир суд ажримига асосан қамоққа олинди. У тумандаги 75-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси бўлган.

Суд ажримида келтирилишича, 2008 йилда туғилган Э.М. олдин ҳам безорилик жиноятини содир этганликда айбли деб топилган. У такроран жиноий шериклари билан безорилик жиноятини содир қилганликда гумонланмоқда.

Жумладан, 2024 йил 27 май куни соат 22:50да Э.М. ҳамда унинг жиноий шериклари Денов шаҳри, “Нурли-манзил” МФЙдаги савдо дўконларидан бирининг олдида фуқаро М.Д. ва бошқалар билан жанжаллашган. Жанжал пайтида Э.М. ва унинг шериклари қўлларида бўлган тош ҳамда таёқлар билан М.Д.ни калтаклаб, тан жароҳати етказган. Шунингдек, улар ушбу безорилик ҳолатининг олдини олмоқчи бўлган фуқароларга ҳам қаршилик кўрсатган.

Э.М. бу орқали Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми «а, г» бандларида назарда тутилган жиноятни (безорилик такроран ёки хавфли рецидивист томонидан жамоат тартибини сақлаш вазифасини бажариб турган ҳокимият вакили ёки жамоатчилик вакилига ёхуд безорилик ҳаракатларининг олдини олиш чорасини кўрган бошқа фуқароларга қаршилик кўрсатиб содир этилиши) қасддан содир этганликда гумонланмоқда.

Прокурор ўз илтимосномасида Э.М. дастлабки тергов ва суддан яшириниш эҳтимоли борлигини, очиқда қолган тақдирда бошқа оғир ёки ўта оғир турдаги жиноятларни содир этиши мумкинлигини билдириб, унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўллашни сўраган. Суд илтимосномани қаноатлантирган.

Ўсмир Денов туман ИИБ вақтинчалик сақлаш ҳибсхонаси орқали этап қилиниб, Термиз шаҳридаги 9-сон тергов ҳибсхонасига жойлаштирилган. 

Мавзуга оид