Тинчлик сари йўл ё боши берк кўча? — экспертлар Курскдаги жанглар ҳақида
Украина қўшинларининг Россиянинг Курск областидаги одимлаши икки ҳафтадан буён давом этмоқда. Украина қуролли кучлари ўзлари эгаллаб олган ҳудудларни ушлаб туриш ниятида. Хўш, бу операция тинчлик музокараларини яқинлаштира оладими? Deutsche Welle шу савол билан экспертларга мурожаат қилди.
Украина армияси икки ҳафтадан буён Курск областида плацдармни кенгайтирмоқда. Украиналик ҳарбийлар Россиянинг бир неча юз километр квадрат ҳудудини www.dw.com/ru/zelenskij-vsu-kontroliruut-92-naselennyh-punkta-v-kurskoj-oblasti/a-69986225 ушлаб тургани аниқ. Ҳарбийларнинг жойлардаги ҳаракатлари ҳамда Киевдаги ҳокимиятнинг баёнотларига кўра, Украина қуролли кучлари ўзлари эгаллаган ҳудудларни тарк этмоқчи эмас. DW мурожаат қилган экспертлар ҳам Курск остонасидаги одимлаш ҳар икки мамлакатда эмоционал фонни сезиларли ўзгартиргани, гарчи яқин истиқболда бўлмаса ҳам, сулҳ музокаралари имкониятини оширганини қайд этди.
Киевдаги некбинлик ва Москвадаги умидсизланиш
Украина қуролли кучларининг Курск областидаги юришлари украинлар ўртасида оптимизм кўтарилишига сабаб бўлди, дейди украиналик сиёсатшунос, “Пента” амалий сиёсий тадқиқотлар маркази раҳбари Володимир Фесенко.
“Одамлар бу уруш тез орада тугашига хизмат қилмаслигини тушуниб туришибди, албатта. Турлича талқинлар бор, лекин кўпчилик учун шундай реакция характерли — бироқ Украина қўшинларининг чекиниши, оғир жанглар, фронт ва фронт ортидаги кўплаб муаммолар, норозилик ва умидсизлик учун сабаблар кўп бўлган узоқ даврдан сўнг Украина қўшинларининг ҳужумга ўтиши, боз устига Россия ҳудудига кириб бориши оптимизм учун сабаб бўлди”, — дейди Фесенко.
Шунинг тескарисини Кремлда кузатиш мумкин, дейди россиялик сиёсатшунос Аббос Галлямов: “Умидсизланиш, депрессия ва кучларнинг мажолсизланиши — ҳозир шундай кайфият ҳукмрон”. Галлямовнинг сўзларига кўра, Россияда кўпчилик аксинча, “ҳеч қандай ёрқин истиқбол йўқлиги”ни англаб етган. Кремлдаги кайфиятни тасвирлашга уринар экан, Галлямов Украина ҚКнинг Курск областига кириб келиши ёқимсиз сюрприз бўлганига ишончи комиллигини айтади.
“Украинлар чарчаб қолганини намойиш этиб, алдаётган бўлиб чиқди, аслида эса қанотдан мана шундай шафқатсиз зарба берди”, натижада “ҳеч қандай захира йўқлиги” очилиб қолди.
“Шу пайтгача чегаралар қандайдир усулда қўриқланаётганидан умид қилиб турилгани. Аслида эса, бор нарсанинг ҳаммаси Донбассга ташлангани маълум бўлди, ҳамма нарсани йиғиб ҳам катта йўқотишлар ва ресурсларнинг таранглашиши эвазига жуда секин силжияпмиз, қолган нарсалар эса… Бундан келиб чиқадики, аслида толиқиб қолган Украина эмас, Россия сўнгги нафасида ҳаракат қилмоқда. Энди нима қилиш кераклиги мутлақо тушунарсиз”, — деган Галлямов.
“Россия жамиятидаги кайфиятга таъсир қилишга уриниш”
Украина ҳокимияти кўпроқ айнан шу мақсадни кўзлаган, дейди Володимир Фесенко, яъни Россия жамиятидаги кайфиятга таъсир ўтказишга уриниб кўриш.
“Ўзимдан қўшиб айтаман, жиддий кузатувчилар Россия жамиятига таъсир ўтказиш ягона реакцияга олиб келмайди. Бир томондан, кимлардадир бу Украинага нисбатан агрессия ва нафрат уйғотади, урушни янада кучайтиришга ва охиригача олиб боришга чорловлар бўлади, иккинчи томондан, жамиятнинг бир қисми, айниқса чегара олдида ҳудудларида яшовчилар ва бошқалар нафақат уруш кўлами кенгайиб бораётганини англаб етади, шунингдек, бу урушни эртами-кечми якунлаш керак, деган тўхтамга келади”, — деган Фесенко.
Украина қуролли кучларининг Курск областига юриш қилиши бир неча мақсадларни кўзлаган, жумладан ташаббусга эга бўлиш, деган украиналик сиёсатшунос.
“Нечоғлик пародокс бўлмасин, Украина ҳудудида бунга эришиш қийин, қарийб имконсиз, чунки жанубда мудофаа иншоотларининг эшелонланган тизимлари жойлаштириб чиқилган, ўтган йилнинг ёзида уни ёриб ўтишга муваффақ бўлинмади, энди эса бу иш янада қийинлашган. Шарқда, Донецк йўналишида Россия қўшинлари катта ташаббусга эга бўлиб туришибди, у ерда қарши ҳужум ҳақида ўйлашга фурсат ҳам йўқ, уларни тўхтатишнинг ўзи катта масала”, — дея таҳлил қилган Фесенко.
“Алмашиниш” ва сулҳ музокаралари мумкинми?
Ҳар иккила эксперт Украина ҚКнинг Россия ҳудудидаги одимлашидан кўзланган асосий мақсад — бошқа давлат ҳудудида плацдарм сақлаб туриш ва шу йўл билан эҳтимолли бўлғуси музокараларда Украинанинг позицияларини кучайтиришдан иборат.
Галлямов Украина ҚК томонидан Россия ҳудудининг эгалланишини “бу шунчаки қўшимча кузир” деб атаган. “Йигитлар, Курск областини қайтариб олмоқчимисизлар, биздан олган ерларингни қайтариб беринглар, дейилади. Бу кундек равшан”, — дея қўшимча қилади Галлямов.
Фесенко эса “Украина қўшинлари Курск областидан чиқиб кетишни Россия қўшинларининг Харкив областидан чекинишига айирбошлаши мумкинлигини” таъкидлаган. Унинг фикрича, Россия ва Украина ўртасидаги музокараларнинг якунига кўра “келишиш мумкин бўлган максимум нарса — фронтнинг маълум бир чизиғида ўт очишни тўхтатиш” бўлади.
“Россия ва Украина ўртасида қандайдир йирик, тизимли келишув имконияти”га Фесенко ишонмайди. Унга кўра, бу борада асосий муаммо “Россия эгаллаб олиб, аннексия қилган Украинанинг оккупация остидаги ҳудудлари статуси билан боғлиқ асосий ва муаммоли масала” бўйича ягона тўхтамга келиб бўлмаслигида. Фесенко пайдо бўлган вазиятдан чиқиш йўли йўқ, деб таърифламоқда.
“Айрим шарҳловчилар нима деб ёзмасин, Россия бизга ҳеч нарсани қайтариб бермайди, чунки ҳудудларни ўз таркибига қўшиб бўлган. Биз эса на Қримнинг, на Донбасснинг, айниқса, Запорижжя ва Херсон областларининг, тўғрироғи, уларнинг Россия кучлари томонидан эгаллаб олинган қисмининг россияча статусига кўнамиз. Бу ерда вазият тўлиқ боши берк кўчага кириб қолган”, — дейди Фесенко. Фронт чизиғида ўт очишни тўхтатиш Украинанинг Россия томонидан оккупация қилинган ҳудудларидан воз кечишини англатмайди: “Биз 10 йил давомида Қримни, Донбасснинг катта қисмини назорат қилмаяпмиз, лекин бу улардан воз кечганимизни англатмайди-ку?”
Музокалар бўлади, лекин “аниқ” ҳозир эмас
Яқин ҳафталарда, ҳаттоки ойларда ҳам Фесенко сулҳ музокараларини “аниқ” кутмаяпти. Унинг сўзларига кўра, бунга биринчи сабаб Россия Курск областининг бир қисмини йўқотгани учун жавоб беришга интилишидир.
“Токи бу масала ечилмас экан, музокара бўлмайди. Ёки уни ечиш имконияти йўқлиги англашилса, бироз вақт ўтиб уни алмашиш керак, деган хулосага келинади. Лекин бунгача ҳали узоқ”, — деган Фесенко.
Фесенконинг сўзларига кўра, иккинчи сабаб Путин АҚШдаги сайловлар натижасини кутмоқда.
“Ахир Путин Украина билан эмас, кўпроқ америкаликлар билан келишмоқчи. Албатта, ҳокимиятга келишини кутади. Трамп ғолиб бўлса бир стратегиядан фойдаланилади, боз устига Трамп ҳам музокараларни истамоқда. Албатта, бу музокаралар Россия шартларида бўлмаслиги аниқ, лекин Россия учун ҳарна. Агар Камала Ҳаррис ғолиб чиқса, бошқачароқ стратегиядан фойдаланилади. Эҳтимол, дарҳол музокаралар ўтказиш борасида тўхтамга келинмас. Бироқ музокараларни бошлашга бўлган уринишлар йил охиридан аввал бўлмайди, реал музокаралар эса келгуси йилдан аввалроқ бошланмайди”, — деган Володимир Фесенко.
“Тактик жиҳатдан, албатта, ҳозир Путинга музокараларни бошлаш қийин, чунки ҳамма у мажбур бўлди деб ўйлайди, у эса принцип жиҳатидан бу таассуротдан қочмоқда”, — дея қўшимча қилган Аббос Галлямов. Узоқ муддатли истиқбол нуқтайи назаридан, музокара ўтказиш имкониятлари даражаси ошди, деб ҳисобламоқда сиёсатшунос. “Россиядагиларда Украина таслим бўлди, деган иллюзиялар туғилганди, энди эса бу хато бўлгани тўғрисида деган тушунча пайдо бўлди. Токи душман истаган вақтда кутилмаган зарба бера олишини англаб етган экан, бу ҳолат кишини музокаралар сари мажбурлайди”, — дея таҳлил қилади Галлямов.
Бироқ музокаралар ўтказилиши учун потенциал воситачиларнинг, жумладан эмоционал боши берк кўчадан чиқариш бўйича ҳам фаол ҳаракати талаб этилади, дейди Фесенко.
“Ахир Россия музокаралар унинг шартлари бўйича ўтишини истаганди ва умид қилганди, боз устига, Москвадагилар Украина бу музокараларга рози бўлмаслигини тушунмасди. Энди Путин бир фикрга келиши керак: ё музокаралар тенг шароитларда, ултиматумларсиз ўтади, ёки уруш давом этади, жумладан Россия ҳудудида ҳам. Ҳозир вазият етарли тарзда, жумладан эмоционал боши берк кўчага кириб қолган”, — деган эксперт.
Мавзуга оид
09:22
Украиналик фаоллар яна Навалнаянинг нутқини тўхтатишга уринди
07:56
Пентагон Украинага ёрдам учун қолган пул миқдорини эълон қилди
22:15 / 12.11.2024
ОАВ: Путин Трампнинг инаугурациясигача Курскни қайтаришни буюрди
21:13 / 12.11.2024