Ўзбекистон | 12:03 / 23.08.2024
1977
2 дақиқада ўқилади

Клиник ординатурага қабул имтиҳонлари санаси маълум қилинди

24-26 август кунлари клиник ординатурага қабул имтиҳонлари ўтказилади. Тест 7:00 да бошланади. Талабгорлар рухсатнома ва паспортнинг асл нусхаси билан киритилади.

Ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари, олий тиббий таълим ўқув юртлари ва клиник ординаторларни ўқитадиган хусусий клиникалар учун клиник ординатурага қабул имтиҳонлари ўтказилади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

Имтиҳон 24-26 август кунлари 7:00да бошланади. Тестга 1 соат олдин келиш тавсия этилади. Талабгорлар рухсатнома ва паспортнинг асл нусхаси билан киритилади. Рухсатномаларни tmbm.ssv.uz сайтидан юклаб олиш мумкин. Имтиҳон манзиллари бу ерда батафсил кўрсатилган. Тест қайта ўтказилмайди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруғига кўра тест қуйидаги муассасаларга кириш учун ўтказилади:

  • тиббиёт олий таълим муассасалари ва уларнинг филиаллари;
  • тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази;
  • республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари;
  • илмий-тадқиқот институтлари;
  • клиник ординаторларни ўқитиш ваколати берилган хусусий клиникалари.

Тестни Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини баҳолаш маркази ўтказади. Тест синови харажатлари тегишли тиббий муассасалар томонидан қопланади. Ҳар бир талабгор учун БҲМнинг ярим баравари миқдорида тўлов тўлаб берилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва олий таълим муассасалари қуйидагиларни тасдиқлаган:

– 2024/2025 ўқув йилида клиник ординатура мутахассислигига мос равишда тегишли бакалавриат таълим йўналишлари бўйича имтиҳонларни ташкил этиш мақсадида тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси;

– фойдаланиладиган тест вариантлари тафсилотлари;

– фойдаланиш учун тавсия этилган адабиётлар рўйхати;

– тестни шакллантирувчи фан экспертлари гуруҳи.

Маълумот учун клиник ординатура бўйича фанлар мажмуаси, талабгорлар рўйхати каби маълумотлар tmbm.ssv.uz сайтидаги клиник ординатура бўлимида кўрсатилган.

Мавзуга оид