Жиззахда ҳибсхона бошлиғи 6,5 йилга озодликдан маҳрум қилинди
Шароф Рашидов туман ИИБ вақтинча сақлаш ҳибсхонаси бошлиғи тезкор тадбирда 5 минг АҚШ доллари билан ушланган. Суд уни фирибгарлик, пора олиш ва пора бериш жиноятларини содир қилганликда айбли деб топди.
Шароф Рашидов туман ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати жамоат тартибини сақлаш гуруҳи вақтинча сақлаш ҳибсхонаси бошлиғи А.О. жиноий жазога тортилди. У 2023 йил апрел ойидан ушбу лавозимда ишлаб келган.
Kun.uz ўрганган суд ҳужжатида келтирилишича, А.О. тергов қилинаётган жиноят иши доирасида “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланиб, ҳибсхонада сақланаётган “Tosh-Shosh kapital” МЧЖ мансабдори Д.Э. билан яқиндан танишган. Сўнгра ҳибсхонага озиқ-овқат ва бошқа нарсалар олиб кириш ва терговчининг рухсатисиз яқин қариндошлари билан учрашишга шароит яратиб бериши айтиб, Д.Э.дан тамагирлик йўли билан пул маблағи талаб қилиб олиб келган.
Жумладан, А.О. ушбу “хизмати” учун пора тариқасида Д.Э.нинг турмуш ўртоғидан 400 АҚШ доллари олган. Пул маблағининг 100 АҚШ долларини ўз эҳтиёжларига сарфлаб юбориб, 300 долларини хизмат гувоҳномасида сақлаб келган. Ушбу пул маблағлари 2024 йил 12 февралда ўтказилган тезкор тадбир давомида ашёвий далил тариқасида олинган.
Шунингдек, А.О. ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, ҳибсхонада сақланаётган Д.Э.га “Kafolat” адвокатлар ҳайъати адвокати яқин таниши эканини маълум қилган. Адвокат Жиззах шаҳар судида ишловчи танишлари орқали юритилаётган жиноят ишида унга енгиллик қилиб бериш масаласида гаплашаётганини, бунинг учун 5 минг АҚШ доллари бериш кераклигини айтган. Шу тариқа, ҳибсхона бошлиғи 2024 йил 12 феврал куни соат 22:20да Жиззах шаҳар Олмазор маҳалласи ҳудудида Д.Э.нинг турмуш ўртоғидан 5 минг АҚШ долларини олган вақтида тезкор тадбирда ушланган.
Суд ҳукми билан А.О. Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси 3-қисми “в” банди (хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда фирибгарлик қилиш), 209-моддаси 1-қисми (мансаб сохтакорлиги), 210-моддаси 2-қисми “в” банди (тамагирлик йўли билан пора олиш) ҳамда 28, 211-моддаси 1-қисмида (пора бериш) назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилган. Унга нисбатан 2 йил 6 ой муддатга Ички ишлар вазирлиги тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 6 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Мавзуга оид
09:25 / 06.11.2024
Жиззахда қарийб 800 млн сўмлик электрдан ноқонуний фойдаланган фуқаро аниқланди
08:30 / 28.10.2024
Жиззахда иккита юк машинаси тўқнашди
22:09 / 14.10.2024
Жиззах вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасига янги раҳбар тайинланди
20:36 / 12.10.2024