Шавкат Мирзиёев Самарқандда «Шарқ тароналари» мусиқа фестивалини очиб берди
Давлат раҳбари «Шарқ тароналари» фестивали, моҳият эътиборига кўра, бугунги кунда «жаҳон тароналари» анжуманига айланганини таъкидлади.
Президент Шавкат Мирзиёев 26 август куни «Шарқ тароналари» ўн учинчи халқаро мусиқа фестивалининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди.
Давлат раҳбари нутқининг аввалида меҳмонларни кўришдан мамнунлигини билдириб, уларга ўзбек халқи саломи ва эзгу тилакларини етказди. «Шарқ тароналари» фестивали, моҳият эътиборига кўра, бугунги кунда «жаҳон тароналари» анжуманига айланганини таъкидлади.
- Ўтган давр мобайнида Самарқанднинг юлдузли осмони остида қанчадан-қанча сеҳрли наволар, ҳаётбахш оҳанглар янгради. Кўҳна Шарқ бағрида туғилган мусиқий қадриятлар анжуманимиз туфайли халқаро миқёсда кенг эътибор ва эътироф қозонди. Фестиваль ўнлаб маҳоратли хонанда ва созандаларни, истеъдодли ёшларни кашф этди, уларнинг парвозига қанот, ижодига куч ва илҳом бағишлади, - деди Шавкат Мирзиёев.
Бундай анжуманлар Ўзбекистоннинг жаҳон аҳлини тинчлик-тотувликка, қардошлик ва аҳилликка чақирадиган эзгу даъвати экани қайд этилди.
- Нотинч ва таҳликали замонда азалий қадриятларни, одамийлик қиёфасини сақлаб қолиш тобора мушкул бўлиб бормоқда. Мана шундай мураккаб вазиятда илоҳий сарчашмалардан қувват олиб, вақт ва макон чегаралари оша гуманистик идеалларни тараннум этадиган асл санъат, мусиқа ва адабиёт халоскор куч бўлиб майдонга чиқиши зарур, - деди президент.
Давлат раҳбари фестивал тарихи ва мусиқа маданиятига доир маълумотларни ўзида мужассам этадиган алоҳида энциклопедия ва унинг виртуал шаклини яратиш, анжуманнинг халқаро «Дўстлар клуби»ни ташкил этиш ташаббусини илгари сурди. Фестивалнинг ғолиб ва совриндорлари иштирокида дунё мамлакатларининг нуфузли саҳналарида концерт дастурларини ўтказиш таклифи билдирилди.
Маросимда ЮНЕСКО, ТУРКСОЙ, Туркий маданият ва мерос фонди, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва бошқа ташкилотлардан фахрий меҳмонлар иштирок этди. Умуман, бу йилги фестивалда 80 га яқин давлатдан 400 нафардан зиёд санъаткор ва олимлар қатнашди.
Мавзуга оид
09:28 / 08.11.2024
Самарқандга 100 та электробус олиб келинади
10:53 / 07.11.2024
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
21:44 / 01.11.2024
Самарқандда автобус салонини аёллар ва эркаклар учун ажратган ҳайдовчига чора кўрилди
11:44 / 31.10.2024