Жаҳон | 20:27 / 26.08.2024
2243
2 дақиқада ўқилади

Uber Нидерландияда рекорд миқдорда — 324 млн доллар жаримага тортилди

Тергов давомида Uber европалик такси ҳайдовчиларининг шахсий маълумотларини, жумладан, такси лицензияси, шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар ва «айрим ҳолатларда судланганлик ҳамда тиббий варақалардаги қайдларни» АҚШга юборгани аниқланган.

Фото: Getty Images

Uber компанияси Нидерландияда ҳайдовчиларнинг шахсий маълумотларини тегишли ҳимоя чораларисиз АҚШга юбориш орқали маълумотлар ҳимояси тўғрисидаги Европа Иттифоқи қонунларини бузгани учун 324 миллион доллар жаримага тортилди, деб хабар беради Bloomberg.

Маълумотлар ҳимояси бўйича Нидерландия бошқармасининг маълум қилишича, тергов давомида Uber европалик такси ҳайдовчиларининг шахсий маълумотларини, жумладан, такси лицензияси, шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар, яшаш жойи, сурати, тўлов реквизитлари ва «айрим ҳолатларда судланганлик ҳамда тиббий варақаларидаги қайдларни» АҚШга юборгани аниқланган.

Агентликка кўра, Uber ушбу маълумотларни икки йил давомида Қўшма Штатларга хавфсизликни таъминловчи бирор воситаларсиз юбориб келган. Бу орқали компания ЕИнинг маълумотлар ҳимояси бўйича умумий низомини (GDPR) бузган.

Таъкидланишича, Uber ушбу қонунбузарликни ўтган йил охирида тўхтатган ва тегишли эҳтиёт чораларини кўрган. Bloomberg маълумотларига кўра, 324 миллион долларлик жарима Uber шу пайтга қадар дуч келган энг йирик жаримадир.

«Европада GDPR инсонларнинг асосий ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, компания ва ҳукуматлардан уларнинг шахсий маълумотларидан эҳтиёт бўлиб фойдаланишни талаб қилади. Аммо Европадан ташқарида, афсуски, бундай эмас… Компаниялар европаликларнинг шахсий маълумотларини Европа Иттифоқидан ташқарида сақламоқчи бўлса, қўшимча чоралар кўриши шунинг учун керак», — дейилади хабарда.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид