Жаҳон | 10:27 / 26.08.2024
8661
2 дақиқада ўқилади

WSJ: АҚШ Курск операциясига эҳтиёткор оптимизм билан қарамоқда

Байден маъмурияти Зеленскийнинг радикал қадамидан ҳайратда қолди ва энди унинг хавфли ҳаракати ўзини оқлаши ёки йўқлигини кўрмоқчи. Украина ўз олдига қўйган баъзи мақсадларига аллақачон эришган, деб ёзади The Wall Street Journal.

Фото: EPA/Scanpix

Украина Курск вилоятидаги барча мақсадларига қисман эришди, деб ёзади Американинг The Wall Street Journal нашри 25 август, якшанба куни. Қайд этилишича, Курск операцияси Украина Россиянинг ҳарбий қудратини тўхтата олмайди, деган ҳукмрон қарашларни ўзгартириб юборди.

Америка расмийлари нуқтайи назаридан, Курск операциясининг учта асосий мақсади бор: Россияни Украина шарқидан қўшинларини олиб чиқишга мажбурлаш, жанг майдонидаги мағлубият ҳақидаги тасаввурни рад этиш ва тинчлик музокаралари олдидан Украинанинг позициясини яхшилаш. «Айни дамда учта мақсадга ҳам қисман эришилди», — дейилади нашрда. Бундан ташқари, WSJ яна бир ютуқ - россиялик ҳарбий асирлар сонининг кўпайиши ҳақида ёзади. 

Зеленскийнинг жасур ва хавфли ҳаракати

Нашрнинг қайд этишича, Украина олдинги жанговар ҳаракатлардан фарқли ўлароқ, амалиёт тафсилотларини Ғарбдан сир тутган. WSJ Украина қуролли кучлари Курск вилоятидаги ҳужумини Зеленский томонидан Россияни мувозанатдан чиқариши, қўшинларни кўчиришга мажбурлаши, Ғарбни Украинани қурол-яроғ билан янада қатъийроқ қўллаб-қувватлашга ундаши, шунингдек, жасур ва хавфли ҳаракати деб атайди.

Эндиликда, нашрга кўра, Оқ уй Зеленскийнинг ҳаракати ўзини оқлайдими ёки йўқми, эҳтиёткор оптимизм билан кутмоқда. «Қўшма Штатлар Украинага операция ўтказиш учун жой ажратмоқда, шу билан бирга, бу масалада жамоатчилик муҳокамасидан қочишга ҳаракат қилмоқда», деб ёзади WSJ. Шу билан бирга, Пентагон расмийларида Зеленский Курск вилоятидаги операция мақсадларидан бири деб атаган «буфер зонаси» бўйича, хусусан, Украина бу зонани кенгайтиришни режалаштираётгани юзасидан саволлар бор.

Шу билан бирга, Владимир Путин Курск вилоятида содир бўлаётган воқеаларнинг аҳамиятини ҳар томонлама камайтирмоқда, деб ёзади WSJ. Хусусан, нашрнинг қайд этишича, Путин бу ҳақда россияликларга мурожаат қилмаган. 

Мавзуга оид