Жаҳон | 23:45 / 27.08.2024
3443
2 дақиқада ўқилади

Эстония Адлия вазирлиги қамоқхоналарни ижарага бериш таклифини илгари сурди

Эстонияда ўзи учта қамоқхона бор — улар Таллин, Тарту ва Виру шаҳарларида жойлашган. 2023 йил маълумотларига кўра, ушбу қамоқхоналарда жами 1841 нафар маҳбус сақланмоқда.

Фото: ERR

Эстония Адлия вазирлиги ҳукуматга қамоқхоналарни сотиш ва у ердаги камераларни хорижлик маҳкумлар жазо ўташи учун ижарага бериш таклифини илгари суриш ниятида. Бу ҳақда ERR давлат телерадиоканали адлия вазири Лийза Пакостага таяниб, хабар берди.

Қайд этилишича, Адлия вазирлиги жазо тизимида маблағ тежашнинг кўплаб вариантларини кўриб чиқмоқда ва яқин келажакда уларни Эстония ҳукуматига таклиф қилади. «Қамоқхоналардан бирини сотишимиз, мажозий маънода айтганда Airbnb (уй-жой ижара сервиси) орқали ижарага берадиган ҳолатгача консервалашимиз мумкин», — дейди Пакоста.

Вазирнинг қўшимча қилишича, вазирлик қамоқхоналардан бирини «ижтимоий уй ёки меҳмонхона»га айлантириш мақсадида сотиш имкониятини ҳам кўриб чиқмоқда.

Эстонияда учта қамоқхона бор — улар Таллин, Тарту ва Виру шаҳарларида жойлашган. 2023 йил маълумотларига кўра, ушбу қамоқхоналарда жами 1841 нафар маҳбус сақланмоқда. Мамлакат ҳукумати қамоқхоналарни сақлаш учун ажратиладиган давлат харажатларини қисқартириш эвазига бюджет маблағларини иқтисод қилмоқчи.

Август ўрталарида Эстониянинг Эмари ҳарбий шаҳарчасида 2025 йил бошидан жанговар ўқ-дориларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштираётгани тўғрисида хабар берилганди. Ундан олдин эса Эстония Европа Иттифоқи ва НАТО мамлакати Франциядан ўн иккита Caesar ўзиюрар артиллерия қурилмалари (ЎАҚ)ни сотиб олишга қарор қилган эди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид