Ўзбекистон | 17:18 / 27.08.2024
11146
2 дақиқада ўқилади

Журналистларга “ақл ўргатган” суд раиси жазосиз қолди

Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди раиси С.Содиқов “қишлоқликлар”ни ҳақорат қилган аёлга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик иши кўрилишидан олдин ОАВ вакиллари билан мулоқот қилиб, қандай жазо қўлланишини олдиндан маълум қилиб қўйганди. Суд раисига нисбатан тайинланган хизмат текшируви унга огоҳлантириш қўллаш билан тугади.

Фото: Видеодан кадр

Судялар Олий кенгаши ахборот хизмати раҳбари Турсунали Акбаровнинг Kun.uz'га маълум қилишича, Тошкент шаҳар судлари судялари малака ҳайъати томонидан ўтказилган хизмат текширувида ОАВдаги хабарлар қисман тасдиғини топган.

Яъни жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди раиси С.Содиқовнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик иши кўрилишидан олдин ОАВ вакиллари билан мулоқот қилгани судлар фаолияти ҳақида турли нотўғри тасаввурлар пайдо бўлишига олиб келган. Судялар одоби кодексига кўра, судя ҳар қандай вазиятда суд ҳокимиятининг нуфузини туширадиган ёки унинг холислиги, мустақиллиги ва беғаразлигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан ўзини тийиши шарт.

Хизмат текшируви натижалари Тошкент шаҳар судлари судялари малака ҳайъати мажлисида муҳокама қилиниб, жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг раиси С.Содиқов келгусида шундай камчиликларга йўл қўйса, интизомий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантириш берилган. Қўшимча қилинишича, суд раисининг бошқа судя иш юритувидаги маъмурий ишга аралашгани тасдиғини топмаган.

С.Содиқов “қишлоқлик”ларни ҳақорат қилган қизга нисбатан кўрилаётган ишда суд залига келиб, ҳали кўриб тугалланмаган иш бўйича қамоқ жазоси берилмаслигини айтганди.

Агар буни ҳозир қамайдиган бўлсак, бунга ҳам тескари қараши мумкин халқимиз. Шунинг учун сизларга боғлиқ, сизлар тўғри ёритиб берсанглар тушунадиган қилиб... Ҳамма тушунсин-да нега қамамаётганимизни. 41-моддада фақат жарима. Ҳам бу уйда гапиряпти-да, кўчада эмас. Кўчада гапирганида бошқа гап эди. Ва яна битта асосий нарсаси, 3 ёшгача боласи борларга, I ва II гуруҳ ногиронларига суд маъмурий жазо сифатида қамоқ жазоси беролмайди”, деган суд раиси журналистларга қарата.

Судялар олий кенгаши ҳолатга расмий муносабат билдириб, суд раисининг ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинланганини маълум қилганди.

Мавзуга оид