Жаҳон | 16:38 / 28.08.2024
9368
2 дақиқада ўқилади

Франциядаги энг катта музлик шиддат билан эримоқда

Олимларнинг фикрига кўра, музлик аср охирига келиб бутунлай йўқ бўлиб кетиши мумкин.

Фото: AP

Франциянинг Шамон тоғ курортида Мер-де-Гляс музлигига янги дор йўли қуришга тўғри келади: 90 йил олдин эски дор йўлидаги вагонлар сайёҳларни тўғридан-тўғри музга олиб борарди, ҳозир эса музлик шу қадар қисқарганки, эски бекатдан бир неча ўнлаб метр пастга юриш керак.

Франциянинг энг катта музлиги йўқолиб бораётгани сабабли, уни кўришга улгуриб қолиш учун ҳудудга сайёҳлар оқиб келмоқда.

“Муз блокларини кўрмоқчи бўлдик: йил охиригача улар жойида бўлмаса-чи. Шунинг учун келишга қарор қилдик. Биламиз, бир неча йилдан сўнг манзара аввалгидек бўлмайди”, — дейди сайёҳлардан бири.

“Муз денгизи” деб таржима қилинадиган Мер-де-Гляс ҳануз Франциядаги энг катта музлик ҳисобланади, Алп тоғларида эса иккинчи ўринда туради. Ўтган асрда у учдан бир қисмга камайди, бу аср бошидан бери эриш даражаси кескин тезлашди.

“Уч-тўрт йил аввал музлик шу ҳолатга етиб келди. Ўшандан бери у тор ва ингичкалашган. Музлик тўрт-беш йил ичида 40 метрни йўқотди”, — дейди музшунос Люк Моро.

Олимларнинг фикрича, агар иқлим ўзгариши ҳозирги суръатда давом этса, Мер-де-Гляс аср охирига келиб бутунлай йўқ бўлиб кетиши мумкин.

Аввалроқ олимлар Антарктиданинг 75 миль кенгликдаги Туэйтс музлиги шу асрда эриб битиши ҳақидаги гумонларни рад этганди.

Асрор Абдуназаров
Тайёрлаган Асрор Абдуназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид