Жаҳон | 22:27 / 28.08.2024
11028
2 дақиқада ўқилади

«Толибон» Афғонистонни хавфсиз мамлакат деб эълон қилди

40 йил ичида биринчи марта мамлакат аҳолиси ўз ҳаёти учун қўрқмасдан турли вилоятларга саёҳат қилиши мумкинлиги таъкидланмоқда.

Фото: Reuters

2023 йил апрелидан 2024 йил мартигача Афғонистонда жиноятчилик даражаси 30 фоизга камайди. 40 йил ичида биринчи марта мамлакат аҳолиси ўз ҳаёти учун қўрқмасдан турли вилоятларга саёҳат қилиши мумкин. Бу ҳақда Афғонистон Ички ишлар вазирлиги маълум қилди, деб хабар берди Ariananews.

«Толибон» Ички ишлар вазирлигининг қайд қилишича, полициянинг маҳорати сезиларли даражада ошди ва уларнинг сони ортди. Шу билан бирга, қўшни давлатлар Афғонистондан келаётган таҳдидлар ҳақида далиллар келтирмади, шу сабабли мамлакат бу борада хавфсиз.

Департаментнинг таъкидлашича, унинг ҳудудида ИШИД тузилмалари бутунлай йўқ қилинди, террорчилик гуруҳи фаолиятига барҳам берилди.

Бундан ташқари, хавфсизлик кучлари наркотик савдогарларига қарши курашмоқда. Кўкнори экилган майдонлар йўқ қилиниб, гиёҳвандлар даволанишга жўнатилмоқда, ноқонуний гиёҳванд моддаларни сотган ҳолда қўлга олинганлар жавобгарликка тортиляпти.

Мамлакат аэропортларида қарийб 2 миллион доллар, 845 минг евро, 4,8 миллион Саудия риёли, шунингдек, 344 килограмм наркотик модда ва бир килограммдан ортиқ олтинни ноқонуний олиб ўтилишига барҳам берилди.

Мавзуга оид