Жаҳон | 09:19 / 28.08.2024
4539
4 дақиқада ўқилади

Трампга қарши айблов хулосаси таҳрир қилинди

АҚШ махсус прокурори Жек Смит Доналд Трампга сайловлар натижасини сохталаштиришга уриниш бўйича айблов хулосасини таҳрир қилди. Бу АҚШ Олий суди Трампга қисман дахлсизлик берганидан кейин содир бўлди.

Фото: Reuters

АҚШ махсус прокурори Жек Смит собиқ президент Доналд Трампга 2020 йилги президентлик сайловлари натижаларини сохталаштиришга уриниш бўйича янгиланган айблов эълон қилди. Бу ҳақда 28 август, чоршанбага ўтар кечаси ахборот агентликлари хабар берди.

Вашингтондаги АҚШ Олий суди 1 июл куни Трампнинг жиноий жавобгарликка тортилишдан қисман дахлсизлиги ҳақида қарор чиқарганидан сўнг, Смит иш бўйича айблов хулосасини ўзгартиришга мажбур бўлди. Гап собиқ президентнинг конституциявий ваколатлари доирасида содир этган ҳаракатлари учун жиноий жавобгарликка тортилишдан ҳимояланиш ҳақида бормоқда. Бироқ, Трамп фуқаро сифатидаги хатти-ҳаракатларига оид суд жараёнларида иммунитетга эга эмас, дея таъкидлади Олий суд.

Шунга кўра, янги айбловда Доналд Трампнинг президент сифатида қилган ҳаракатларига оид барча айбловлар олиб ташланади. Бунинг ўрнига, 2020 йилги сайловда номзод сифатида нима қилганига урғу берилади. Жиноят кодексида Трампга айблов қўйилаётган моддалари ўзгаришсиз қолмоқда. Собиқ президент (ва кузда бўлиб ўтадиган янги сайловларда республикачи номзод)нинг ўзи Truth Social ижтимоий тармоғида Смит «Олий суд қарорини четлаб ўтиш учун шунчаки ўша ишни қайта ёзганини» билдирган.

Бошқа иш бўйича қарор устидан шикоят қилинди

26 август куни Жек Смит Флорида судининг қарори устидан апелляция берди, у июл ойида Трампга ўз мулкида махфий ҳужжатларни ноқонуний сақлагани бўйича ишни рад этганди. Судя Эйлин Кэннон Смитнинг АҚШ махсус маслаҳатчиси этиб тайинланишини ноқонуний деб топди. Кэнноннинг ўзи Трамп президент бўлганида судя этиб тайинланган. 

Агар Смитнинг апелляцияси қабул қилинса, суд жараёни давом этиши мумкин - лекин унинг ноябр ойида бўлиб ўтадиган президентлик сайловига қадар якунланиши эҳтимоли кам. Айни пайтда Трамп ғалаба қозонса, ўзини афв этиши мумкин, дейди кузатувчилар.

Флорида суди Трампнинг махфий ҳужжатлар бўйича ишини ёпди

Флорида штати суди АҚШ собиқ президенти Доналд Трампга нисбатан махфий ҳужжатларни ноқонуний сақлаш бўйича ишни ёпди. Судя Эйлин Кэннон фикрича, махсус прокурор Жек Смитни Трампни тергов қилиш учун тайинлаш ва ишини молиялаштириш ноқонуний бўлган.

2022 йил ноябрь ойида АҚШ Адлия вазирлиги мамлакат собиқ президенти устидан жиноий терговни назорат қилиш учун мустақил прокурорни тайинлади. АҚШ бош прокурори Меррик Гарланд Вашингтондаги матбуот анжуманида бу лавозимни илгари Ҳаагада бош прокурор бўлиб ишлаган ва Косоводаги уруш жиноятларини тергов қилган Жек Смит эгаллашини маълум қилди. 

Суд Смитнинг тайинланишини конституцияга зид деб топди 

Эйлин Кэннон қарорига кўра, Смит президент томонидан кўрсатилмаган ва унинг номзоди АҚШ Сенати томонидан тасдиқланмаган. Шунга кўра, унинг тайинланиши АҚШ Конституциясига зиддир, дейилади суд қарорида. Кэннонни судялик лавозимига Трампнинг ўзи 2020 йилда, президент бўлган вақтда таклиф қилган эди. 

Аввалроқ Трампнинг ҳимояси Жек Смитга тергов ўтказиш топшириғини ноқонуний деб эълон қилишни сўраган эди. Суд қарорини шарҳлар экан, АҚШ собиқ президенти ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида Флоридада унга қўйилган «ноқонуний» айбловларнинг бекор қилиниши «биринчи қадам бўлиши керак», деб ёзди.

Мавзуга оид