Жаҳон | 18:32 / 29.08.2024
3598
3 дақиқада ўқилади

Грецияда машҳур сайёҳлик порти юз минглаб ўлик балиқлар билан тўлди

Портдаги ҳидга чидаб бўлмайди. Ҳукумат ўлик балиқларни йиғиб олишга киришган.

Фото: Nicolas Economou/NurPhoto/REX/Shutterstock

Греция ҳукумати марказий Волос шаҳридаги сайёҳлик портини қоплаган юз минглаб ўлик балиқларни йиғиб олишни бошлади. Расмийларга кўра, сўнгги 24 соат ичида 40 тоннадан ортиқ ўлик балиқ йиғилган, деб таъкидлайди The Guardian.

28 август куни махсус кемалар балиқларни йиғишга ташланган тўрларни тортиб олиб, уларни юк машиналарига ортган. Аҳоли ва расмийлар балиқларнинг бадбўй ҳиди яқин атрофдаги ресторан ва меҳмонхоналарга етиб бормасидан уларни йиғишга шошилмоқда.

Фото: AFP/Getty Images

“Бундай манзара километрлаб масофага чўзилган”, — деди шаҳар кенгаши аъзоси Стелиос Лимниос.

Волос мэри Ахиллес Беоснинг айтишича, портдаги ҳидга чидаб бўлмайди. У ҳукуматни муаммо шаҳарга етиб боргунича ҳал қилмаганликда айблади. Мэрнинг сўзларига кўра, чириган балиқлар ушбу ҳудуддаги бошқа балиқ турлари учун экологик ҳалокатга олиб келиши мумкин.

Бу муаммо ўтган йили Фессалия текислигини босган тарихий тошқинлар туфайли юзага келди, дея ҳисобламоқда мутахассислар. Сув тошқини оқибатида яқин атрофдаги кўл меъёрий ўлчамга нисбатан уч баравар катталашган.

Шундан бери кўлдаги сув сатҳи кескин пасаймоқда, бу эса чучук сувда яшовчи балиқларни Пегасетик қўлтиғи ва Эгей денгизига қуйиладиган Волос портига кўчишга мажбур қиляпти, аммо балиқлар бундай ҳудудларда яшай олмайди.

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, Волосга дарё суви қуйиладиган жойда ҳимоя тармоғи ўрнатилмаган. Балиқ денгизга тушганидан сўнг шўр сувда нобуд бўлмоқда.

Маҳаллий прокуратура тергов ўтказишга буйруқ берди.

Фалокат Грециядаги экстремал об-ҳаво шароитларининг сўнгги кўриниши деб аталмоқда. Олимлар буни иқлим ўзгариши, жумладан, ҳароратнинг кўтарилиши, ўрмон ёнғинлари ва сув тошқинларига олиб келадиган беқарор ёғингарчилик билан боғлашмоқда.

Волосдан 10 километр узоқликдаги пляж ресторани эгаси 33 ёшли Димосфенис Бакоянниснинг айтишича, бу ёзда унинг бизнеси 80 фоизга қисқарди, чунки сув тошқинидан кейин ресторанга ташриф буюрадиган сайёҳлар камайиб кетган.

Асрор Абдуназаров
Тайёрлаган Асрор Абдуназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид