Спорт | 08:40 / 29.08.2024
11933
4 дақиқада ўқилади

Парижда ёзги Паралимпия ўйинлари очилди

Парижда XVII ёзги Паралимпия ўйинлари бошланди. Очилиш маросимида 4400 нафар спортчи иштирок этди. Паралимпия ўйинлари 8 сентябрга қадар давом этади. Унда 90 нафар россиялик ва саккиз нафар беларусликка нейтрал мақомда иштирок этишга рухсат берилди.

Фото: Reuters / Kacper Pempel

28 август, чоршанба куни Парижда XVII ёзги Паралимпия ўйинлари бошланди. Очилиш маросими маҳаллий вақт билан соат 20:00 да (Тошкент вақти билан 23:00) Конкорд майдонида бошланди. Елисей майдонларида ўтказилган жамоалар парадида 4400 га яқин спортчи – дунёнинг 180 дан ортиқ делегацияси вакиллари иштирок этди. 

Шоу режиссёри, аввалроқ Парижда бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларининг очилиши ва якунланишида бўлгани каби Тома Жолли бўлди, хореографик чиқишлар эса Александр Экман томонидан саҳналаштирилган. Франциянинг RFI давлат радиостанцияси эфирида Жолли Паралимпия ўйинларининг очилиш маросими инклюзивлик ва жамиятдаги тарқоқликдан тотувлик сари йўлга асослаганини айтди. 

Паралимпия ўйинлари 8 сентябрга қадар давом этади. Мусобақада иштирок этаётган спортчилар 22 спорт тури бўйича медаллар учун кураш олиб боради. 

Фото: AP

Ўзбекистон делегацияси

Маросимда Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этди. Унда Ҳусниддин Норбеков ва Моҳигул Ҳамдамова байроқдорлик қилишди.

Тўрт йилликнинг нуфузли турнирида Ўзбекистон шарафини 65 нафар спортчи ҳимоя қилади. Улар жами 113 та лицензияга эга чиқишган.

Россия ва Беларус спортчилари Паралимпия ўйинларида

Россия ва Беларус спортчиларига Россиянинг Украинага кенг миқёсли ҳужуми муносабати билан киритилган санкциялар туфайли Паралимпия ўйинларида фақат нейтрал мақомда иштирок этишга рухсат берилди. Бу спортчилар Ўйинларнинг очилиш маросимида қатнашмади. Уларга ўз мамлакатлари байроқларидан фойдаланишга рухсат берилмайди, агар улар ғалаба қозонса, давлат мадҳияси янграмайди. ТАСС агентлиги Халқаро паралимпия қўмитасига таяниб, ўйинларда 90 нафар россиялик ва саккиз нафар беларуслик иштирок этишига рухсат берилганини хабар қилди. 

Бу қарор танқидларга сабаб бўлди. Хусусан, Германия имконияти чекланган спортчилар уюшмаси (DBS) президенти Фридхелм Юлиус Бойхер Россия Федерацияси ва Беларус спортчиларига Паралимпия ўйинларида «ўрин йўқ»лигини айтди. «Агар Олимпиада ва Паралимпия ўйинлари тинчлик хабарини етказмоқчи бўлса, бошқа давлатга ҳужум қилиб, ўлим ва ҳалокат сепаётган давлат спортчиларига украиналик спортчилар билан бирга мусобақалашиш имконияти берилмаслиги керак», деди Бойхер.

Фото: AP

Энг катта қочқинлар жамоаси

Бундан ташқари, ушбу Паралимпия ўйинларида тарихдаги энг йирик қочқинлар жамоаси иштирок этади. Унда Эрон, Сурия, Афғонистон, Камерун ва бошқа давлатлардан бўлганлар спортнинг олти тури – енгил атлетика, пауэрлифтинг, тхэквондо, стол тенниси, триатлон ва ногиронлар аравачасида пойга бўйича ўзаро куч синашади. Қочқинлар жамоаси бутун дунё бўйлаб 120 миллионга яқин мажбурий кўчирилган одамларни ифодалайди.

Фото: AP

Паралимпия ўйинлари ногиронлар учун энг йирик спорт мусобақасидир. Унга 1948 йилда немис неврологи Людвиг Гутман томонидан асос солинган, у 1939 йилда фашистлар Германиясидан Британияга қочган. Мусобақа 1960 йилда Паралимпия ўйинлари расмий номини олди. Ўшандан бери улар ҳар тўрт йилда, 1988 йилдан бери - Олимпиада билан бир жойда ўтказилади.

Фото: AP

Мавзуга оид