Жаҳон | 18:04 / 29.08.2024
10997
5 дақиқада ўқилади

Шойгунинг яна бир собиқ ўринбосари қўлга олинди

Россия мудофаа вазири собиқ ўринбосари Павел Попова фирибгарлик иши бўйича ҳибсга олинди. У сўнгги ойларда мудофаа вазирлиги тизимида коррупция бўйича қўлга олинган ўнинчи амалдор бўлди.

Фото: Sergei Bobylev/TASS

Москвадаги 235-гарнизон ҳарбий суди Поповни тергов изоляторига жўнатди. «Медиазона» хабарига кўра, суд мажлиси «тергов сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирлар ошкор этилиши эҳтимоли туфайли» ёпиқ режимда ўтказилган.

Тергов қўмитаси маълумотига кўра, Россия мудофаа вазири собиқ ўринбосари Павел Поповга нисбатан фирибгарлик (РФ ЖК 159-моддаси, 4-қисми) бўйича жиноий иш қўзғатилган. Тергов версиясига кўра, Попов 2021–2024 йилларда «Патриот» парки ҳисобидан бойлик орттирган, у собиқ мудофаа вазири Сергей Шойгунинг ўринбосари сифатида ушбу парк ривожлантирилиши ва фаолияти учун масъул эди.

Тергов қўмитаси тасдиқлашича, Попов қўли остидаги ходимлар орқали «Патриот» паркида қурилиш ишларини олиб борган компанияларни «ўзининг шаҳар ташқарисидаги мулкларида пул тўланмаган ҳолда қурилиш-монтаж ишларини бажариш»га мажбур қилган.

Тергов версиясига кўра, Попов уй қурилиши якунланганидан кейин парк маблағлари ҳисобидан «ўзининг уч гектарга яқин майдондаги участкасининг техник ва хўжалик таъминотини давом эттирган».

Шунингдек, Тергов қўмитаси қайд этишича, Попов ва унинг оиласи аъзолари Москва шаҳри, Москва области ва Краснодар ўлкасида «кўп сонли кўчмас мулк объектлари»га эгалик қилади, оилага тегишли мулкларнинг жами қиймати 500 млн рублдан ортиқни ташкил этади.

Қўмитага кўра, Павел Попов паркнинг август ойи бошида қўлга олинган директори Вячеслав Ахмедов ва РФ мудофаа вазирлиги Инновацион ривожланиш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Владимир Шестеров билан тил бириктирган.

Улар «Патриот» парки фаолияти ва ишлашини таъминлаш учун ажратилган бюджет маблағларини ўғирлашда гумон қилиб ушланганди. Кейинроқ Ахмедов ҳибсга олинди, Шестеров эса уй қамоғига юборилди.

Попов ҳибсга олинганидан кейин «РИА Новости» Ахмедов ва Шестеров армия генералига қарши кўрсатма бергани ҳақида ёзди, ТАСС маълумотида эса унга қарши фақат Ахмедов гувоҳлик бергани айтилган. Икки агентлик ҳам аноним манбаларига ҳавола қилган, бу маълумот расман тасдиқланмаган.

«Попов ўз алоқадорлигини рад этди, паркка у раҳбарлик қилмаган», — деган журналистларга унинг адвокати Игор Дюкин.

Армия генерали Попов қамоққа олиш эҳтиёт чорасини қўллаш бўйича судда
Sergei Bulkin/TASS

Ҳибсга олинган генераллар

Павел Попов сўнгги ойларда мудофаа вазирлиги тизимида коррупция бўйича қўлга олинган ўнинчи амалдор бўлди, «Патриот» иши бўйича ушланган Ахмедов ва Шестеров ҳам шу рўйхатда.

Мудофаа вазирлиги тизимининг юқори мартабали вакилларига қарши шов-шувли жиноий ишлар тўлқини жорий йил апрелида мудофаа вазири ўринбосари Тимур Иванов ҳибсга олиниши билан бошланганди.

Иванов ҳибсга олинганидан кейинги бир ой давомида 58-армия собиқ қўмондони Иван Попов, Мудофаа вазирлигининг Кадрлар бош бошқармаси бошлиғи Юрий Кузнецов ҳамда Бош штаб бошлиғи ўринбосари Вадим Шамарин, шунингдек давлат мудофаа харидлари департаменти раҳбари Владимир Вертелецкий ҳам тергов изоляторига жойлаштирилди.

25 июл куни мудофаа вазирлигининг Ҳарбий-қурилиш компанияси собиқ директори Андрей Белков, 26 июл куни эса Россия мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари, моддий-техник таъминот учун жавобгар бўлган Дмитрий Булгаков ҳам қўлга олинди. У мудофаа вазирлиги раҳбарлик тизимида апрел ойидан буён ҳибсга олинган еттинчи мулозим бўлганди.

Уларнинг барчасига нисбатан коррупция бўйича ишлар очилган.

«Патриот» парки 2014 йилда собиқ мудофаа вазири Сергей Шойгу томонидан очилганди.
Mikhail Japaridze/TASS

«Патриот» парки — қарийб 5,5 минг гектар майдонни эгаллаган музей-кўргазма майдони бўлиб, Россия армиясининг асосий ибодатхонасини ҳам ўз ичига олади. Парк 2014 йилда ўша вақтдаги мудофаа вазири Сергей Шойгу томонидан очилган, у 2024 йил баҳорида вазирликдан кетиб, РФ хавфсизлик кенгаши котиби лавозимига ўтказилди.

Павел Попов 1990-йиллар ва 2000-йилларда ҳам ФВВда Сергей Шойгу қўли остида ишлаган. У 2013 йилда раҳбари ортидан мудофаа вазирлигига ишга ўтади ва 2012 йил октябридан вазир лавозимида ишлай бошлаган Сергей Шойгунинг ёрдамчиси бўлади.

Бир неча ойдан кейин Попов вазир ўринбосари лавозимига тайинланади. 2015 йилда у армия генерали унвонини олади. Жорий йил июни ўрталарида Павел Попов мудофаа вазири ўринбосари лавозимидан озод этилган ва ҳарбий хизматдан бўшатилганди.

Мавзуга оид