Жаҳон | 18:55 / 30.08.2024
3487
2 дақиқада ўқилади

“Арманистон тинчликдан манфаатдор эмас ва атайлаб вақтни чўзмоқда” — Илҳом Алиев

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Арманистон Бокуга нисбатан ҳудудий эътирозларидан воз кечиши зарурлигини қайд этди.

Фото: president.az

“Арманистон Озарбойжон билан тинчлик келишувлари тузилишидан манфаатдор эмас, шу сабабли атайлаб вақтни чўзмоқда”, — деган Илҳом Алиев Озарбойжон-Туркия парламентлараро дўстлик гуруҳи раҳбари Шамио Айрим бошлиқ Туркия Буюк миллат мажлиси делегацияси аъзолари билан Бокудаги учрашувда.

Озарбойжон президентига кўра, Арманистон сулҳ имзолаш учун вақтни атайлаб чўзмоқда, Франция ва бошқа ғарб давлатларидан янги қурол-яроғлар харид қилмоқда, учинчи давлатлар билан ўз ҳудудида ҳарбий машғулотлар ўтказмоқда.

“Кўринишидан, Арманистон сулҳ келишуви ва минтақадаги доимий тинчликдан манфаатдор эмас”, — деган Алиев.

Минтақадаги вазият ҳақида ҳикоя қилар экан, Илҳом Алиев Озарбойжон мустаҳкам тинчлик таъминланиши тарафдори эканини таъкидлаган.

Арманистон билан тинчлик таъминланиши учун бу давлат конституциясидан Озарбойжонга ҳудудий эътирозлар олиб ташланиши ва зарур ўзгартиришлар киритилиши керак, деган Алиев.

Ўтмиш сарқити бўлган ЕХҲТ Минск гуруҳи ва у билан боғлиқ институтлар тўлиқ тарқатиб юборилиши керак, деган Озарбойжон етакчиси.

“Арманистоннинг Минск гуруҳини тугатиш борасидаги позицияси мутлақо тушунарсиз. Чунки можаро ўтмишда қолган экан, Арманистон бош вазири Озарбойжоннинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини таъкидлаган экан, ўтмиш сарқити бўлган Минск гуруҳини сақлаб туришга қандай эҳтиёж бор?!» — дея савол қўйган Алиев.

Алиевга кўра бир қатор ғарб институтлари Озарбойжонга нисбатан адолатсиз муносабатни намойиш этмоқда. Жумладан у Европа кенгаши Апрламен ассамблеясининг аксилозарбойжон позицияси мамлакатнинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини таъминлашга тўғридан тўғри боғлиқлигини таъкидлаган.

Мавзуга оид