Жаҳон | 09:26 / 30.08.2024
4196
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон банклари «Золотая корона»дан воз кечяпти

«Золотая корона» тўлов тизими мамлакат SWIFT тизимидан узилганидан кейин россияликларга чет элда пул ечиб олишга ёрдам берган. Август ойида Қўшма Штатлар унга қарши санкциялар киритди.

Фото: AP

Қозоғистондаги бир қанча йирик банклар «Золотая корона» орқали пул ўтказмаларини тўхтатди. Хусусан, Қозоғистоннинг HalykBank, Bank RBK ва Евросиё банки россияликлар билан тўлов операцияларини амалга оширишни тўхтатди. Бу ҳақда 29 август, пайшанба куни Россиянинг ТАСС ахборот агентлиги хабар берди. Учта молия институти ҳам тўлов тизими билан ишлаш «техник сабабларга кўра» тўхтатилганини билдирди.

Freedom Bank биринчи бўлиб бир кун аввал тўлов тизими билан ишлашдан бош тортганини эълон қилди ва бу қадамни «техник ишлар бажарилиши» билан изоҳлади. Банк баёнотига кўра, тўлов тизимидан қўшимча маълумот олгандан сўнг кейинги чоралар кўрилади.

Шу билан бирга, Қозоғистоннинг бошқа йирик банклари – ЦентрКредит, Bereke Bank ва Нурбанк ҳозирча «Золотая корона» орқали тўловларни амалга оширишда давом этишини маълум қилди.

АҚШ «Золотая корона» ишлаб чиқувчисига қарши санкциялар киритди

«Золотая корона» - бу россияликлар томонидан чет элда пул ечиб олиш ва мамлакат SWIFT'дан узилганидан ҳамда Visa ва Mastercard тўлов тизимларидан чиқиб кетганидан кейин чет элдан пул олиш учун фойдаланиладиган асосий тўлов хизматларидан бири.

23 август куни АҚШ Молия вазирлиги «Золотая корона» яратувчиси – «Центр финансовых технологий» IT-компаниясига қарши блокловчи санкциялар киритди. Энди Қўшма Штатларда рўйхатдан ўтган юридик шахслар компания билан ўзаро алоқада бўлолмайди ва «Центр финансовых технологий»нинг ўзи тўловларни долларда амалга ошириш имкониятини йўқотади.

Аввалроқ Россиядаги мижозларига хорижда пул ечиб олишда ёрдам берган «Юнистрим» хизмати ҳам Украинадаги уруш туфайли АҚШ санкциялари остида қолган эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид