Жаҳон | 12:48 / 30.08.2024
3093
3 дақиқада ўқилади

Сербия Франциядан 12 та Rafale қирувчи самолётини сотиб оляпти

Rafale қирувчи самолётлари Сербия ҳарбий-ҳаво кучларида хизмат кўрсатувчи Францияда ишлаб чиқарилган биринчи жанговар самолёт бўлади. Ҳозир мамлакат армиясида асосан Россия Федерациясининг самолётлари мавжуд.

Фото: AP

Белград томонидан Франциянинг 12 та Rafale қирувчи самолётини сотиб олиш тўғрисидаги битим 29 август, пайшанба куни Болқон давлати пойтахтида Франциянинг Dassault Aviation самолёт ишлаб чиқарувчи компанияси ижрочи директори Эрик Трапе ва Сербия мудофаа вазири Братислав Гашич томонидан имзоланди. Бу ҳақда Dassault Aviation ўз сайтида хабар бермоқда.

Битим имзоланиши Сербия президенти Александр Вучич ва бироз аввал Сербияга икки кунлик ташриф билан келган Франция давлати раҳбари Эммануэл Макрон иштирокида бўлиб ўтди. Хабарда таъкидланганидек, «ушбу шартнома Франция ва Сербия ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг муҳимлигини акс эттиради».

Сербия ҲҲКда дастлабки Dassault Aviation қирувчи самолётлари

Ҳужжатда 2029 йилгача буюртмачига 9 та бир ўриндиқли қирувчи ва 3 та икки ўриндиқли қирувчи самолёт етказиб берилиши кўзда тутилган. Бу Dassault Aviation компанияси томонидан Сербия ҳарбий-ҳаво кучларида хизмат кўрсатувчи биринчи жанговар самолёт бўлади.

Айни пайтда, ушбу ҳарбий самолётларни сотиб олиш ташқи сиёсат нуқтайи назаридан нозик масала, дея таъкидлайди AFP ахборот агентлиги. «Сербия 2012 йилдан бери Европа Иттифоқига аъзолик учун номзод, бироқ Россиянинг Украинага ҳужумига қарамай, Кремл билан яхши муносабатларни сақлаб қолишда давом этмоқда, ЕИ бир неча бор Белградни Москвага қарши жорий этилган санкцияларга қўшилишга чақирган, бироқ Сербия ҳукумати ҳалигача шундай қилмади», - дейилади нашрда.

Агентлик таъкидлашича, Макроннинг Сербияга ташрифидан бироз олдин Вучич журналистларга Сербия ҳарбий-ҳаво кучлари ихтиёридаги деярли барча тутувчи ва қирувчи самолётлар Россияда ишлаб чиқарилганлигини айтган. «Биз армиямизни тайёрлаш учун ривожланишимиз, одатларимизни ва бошқа ҳамма нарсани ўзгартиришимиз керак», деб иқтибос келтиради AFP Сербия президентидан.

Вучич ва Dassault Aviation ишлаб чиқарувчисига таяниб, агентлик келишув суммаси «3 миллиард еврогача» эканлигини ёзди.

Қайд этилишича, Макроннинг Сербияга ташрифи чоғида мамлакатлар раҳбарлари атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорликни ҳам муҳокама қилишни режалаштирган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид