Жамият | 17:08 / 30.08.2024
6048
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги Мулла Холмирза ота масжиди замонавий кўринишда қайта қурилмоқда

Пойтахтимизнинг Шўртепа маҳалласида жойлашган Мулла Холмирза ота жоме масжиди узоқ йиллардан буён таъмирланмасдан, жамоатни сиғдира олмай қолган эди.

Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани Шўртепа маҳалласида жойлашган Мулла Холмирза ота жоме масжиди СССР даврида қурилган бўлиб, сўнгги марта 2010 йилда капитал таъмирланган.

Маҳалла нуронийларининг айтишича, эски масжидни кенгайтириш эса имконсиз бўлиб қолган. Шу боис айни вақтда Мулла Холмирза ота жоме масжидининг ёнгинасида, ертўла қисми билан қўшиб ҳисоблаганда уч қаватли замонавий масжид барпо этилмоқда.

«Масжид биноси СССР вақтида турли ташкилотлари учун бино бўлиб хизмат қилган. Кейинроқ масжид ўлароқ очилганида ҳам 400 атрофида одам масжид ичига, яна шунчаси ташқари ҳовлида одам сиғдира олади, холос. Кенгайтириш учун шароит ҳам йўқ, чунки икки тарафида ҳам ҳовлилар бор. Қор-ёмғирли кунларда, жума кунларида намозхонлар учун жуда қийинчиликлар пайдо бўлмоқда. Машиналар учун жой йўқлигини гапирмаса ҳам бўлади. Чунки, йўлимиз ҳам жуда тор», — дейди мўйсафидлардан бири.

Ҳомийлик йўли билан қурилаётган янги масжидда маҳалла аҳолисининг муаммоларига ечим берилиб, намозхонларга жуда кўплаб қулайликлар яратиш режа қилинган.

«Хусусан, янги масжидимиз 3,5 минг атрофида намозхонларга мўлжалланган бўлиб, катта таҳоратхона ва автомобиллар қўйиш жойи ҳам бўлади. Шунингдек, ногиронлиги мавжуд бўлган шахслар учун таҳоратга ҳам, намозга ҳам алоҳида имкониятлар қилинади, биз ушбу хайрли иш устида турганлар ҳақига дуодамиз», дейди масжид жамоати вакиллари бўлган мўйсафидлар.

Мавзуга оид