Жаҳон | 00:49 / 31.08.2024
3208
2 дақиқада ўқилади

Буюк Британия кўчаларида тамаки чекиш қоидалари кучайтирилади

Мамлакатда тамаки истеъмоли оқибатида ҳар йили 80 мингга яқин ўлим ҳолати қайд этилсада, янги чекловлар айрим консерваторларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда.

Фото: AP

Буюк Британия бош вазири Кир Стармер мамлакатда тамаки маҳсулотлари истеъмолидан юзага келаётган ўлим ҳолатларини қисқартиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар доирасида жамоат жойида тамаки чекишни тақиқловчи қоидалар кучайтирилишини тасдиқлади.

Янги тартиб-қоидалар устида ҳозирда иш олиб борилаётган бўлсада, улар очиқ ҳаводаги қовоқхона ва ресторанлар, шунингдек, шифихона ва спорт майдончалари яқинида тамаки чекишни тақиқлаш талабини ўз ичига олиши кутилмоқда.

Соғлиқни сақлаш соҳасидаги экспертлар ушбу таклифларни қўллаб-қувватлаб, Миллий соғлиқни сақлаш тизимига келиб тушаётган юкламаларни камайтириш зарурлигини таъкидлади. Буюк Британияда тамаки истеъмоли оқибатида ҳар йили 80 мингга яқин ўлим ҳолати қайд этилади.

Инсонлар саломатлигини таъминлашга қаратилган ушбу тақиқлар меҳмонхоналар секторида хавотирни юзага келтирди. UK Hospitality ижрочи директори Кейт Николлс тамакининг тақиқланиши иқтисодий ўсишга, ковид ва энергетика инқирози каби омиллар оқибатида шундоқ ҳам жабр кўраётган иш ўринлари ва корхоналар яратилишига тўсқинлик қилиши мумкинлигини таъкидлади.

Шунингдек, бу борада сиёсий мухолифат ҳам юзага келган бўлиб, айрим консерваторлар мазкур таклифлар ҳаддан ортиқ назорат ўрнатилишини юзага келтиришини тандиқ қилмоқда.

Потенциал тақиқ ҳукуматнинг кашандаликка қарши кенг кўламли курашининг бир қисми ҳисобланади. Парламент очилишидаги нутқида қирол Чарлз III 2009 йил январдан кейин туғилган барчага тамаки сотишни тақиқловчи қонунчиликни қайта жорий этишга ваъда берган эди.

Аввалроқ АҚШ озиқ-овқат ва дори-дармонлар сифати идораси (FDA) тамаки маҳсулотларини сотиш қоидаларини кучайтиргани ва 30 ёшдан кичик бўлган истеъмолчилардан фотосуратли гувоҳнома кўрсатишни талаб қилаётгани тўғрисида хабар берилган эди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид