Жаҳон | 19:35 / 31.08.2024
4845
2 дақиқада ўқилади

Дуров терговда француз разведкаси билан ҳамкорлик қилганини тан олди – ОАВ

Натижада разведка хизмати қатор террорчилик ҳужумларининг олдини олгани таъкидланмоқда.

Фото: Libération

Франциянинг Ле Бурже аэропортида ҳибсга олинганидан сўнг дарҳол сўроқ қилинган Павел Дуров Франция разведка хизматлари билан ҳамкорлик қилганини айтган. Бу ҳақда Франциянинг Liberation нашри манбага таяниб ёзди.

Таъкидланишича, Дуров Франция Ички хавфсизлик Бош бошқармаси (DGSI) ходимлари билан алоқада бўлганини айтди: «ишонч телефони ва махсус электрон почта манзилига эга» расмий алоқа канали очилган, бу бир нечта терактларнинг олдини олишга ёрдам берган.

Нашр манбасига кўра, Дуров Дубайда DGSI вакиллари билан учрашган, сана айтилмаган. Ушбу учрашувда, тадбиркор «ҳарбий сирни ташкил этувчи маълумотларни ошкор қилиш ўзи учун ноўрин бўлишини» аниқ айтган. Нима муҳокама қилинганига аниқлик киритилмаган.

Liberation шунингдек, сўроқ пайтида Дуров телефонини хавфсизлик кучларига топшириб, унга кириш имконини берганини ёзди.

Аввалроқ Le Parisien нашри ҳам ўз манбасига таяниб, Франция хавфсизлик кучлари билан Telegram алоқа канали яратилгани ҳақида маълумот берган эди.

ОАВ маълумотларига кўра, Дуров полицияга фақат терроризмга қарши кураш доирасидаги маълумотларни тақдим қилганини таъкидлаган. Аммо бошқа мазмундаги сўровларни рад қилган.

Павел Дуров 24 август куни Парижнинг Ле Бурже аэропортида қўлга олинди. У 12 та жиноят бўйича номаълум шахсларга нисбатан қўзғатилган иш доирасида сўроқ қилинган. Кейинчалик, 5 миллион евро гаров эвазига қўйиб юборилди. Суд унга Францияни тарк этишни тақиқлади.

Мавзуга оид