Жаҳон | 13:24 / 01.09.2024
26041
7 дақиқада ўқилади

Россия регионлари бўйлаб 150 дан ортиқ дрон ҳужум қилди. Асосий маълумотлар

Москва шаҳри ва яна камида 14 регионга дронлар етиб борган. Бу уруш бошланганидан буён Россия ҳудудига уюштирилган энг йирик ёпирилма ҳужум бўлди. Москвада дрон парчалари тушиши оқибатида нефтни қайта ишлаш заводида ёнғин чиққан.

Фото: Telegram / VVGLADKOV

Россия мудофаа вазирлиги федерациянинг 15 та регионига, жумладан Москва шаҳрига украинларнинг 150 дан ортиқ учувчисиз учар қурилмалари ҳужум қилгани ҳақида хабар берди. Иккита дрон Москва нефтни қайта ишлаш заводи ҳудудида уриб туширилган, деган шаҳар мэри Сергей Собянин. Москва областида Кашир ГРЭС ҳужумга учраган, яна бир нишон Твер областининг Конаково шаҳри бўлган, бу ерда ҳам электр станция жойлашган.

Россия мудофаа вазирлигига кўра, самолёт типидаги 158 дона дрон уриб туширилган ёки тўхтатилган. Бу рекорд миқдор ҳисобланади, аммо 100 дан ортиқ дронлар иштирокидаги ҳужум аввал ҳам кузатилганди. Россия мудофаа вазирлиги 14 август куни саккиз регион узра 117 та дрон йўқ қилингани тўғрисида маълумот берганди.

Мудофаа вазирлигининг тундан тонггача бўлган вақтдаги пресс-релизларида 10 та региондаги ҳужумлар ҳақида гап кетади. Ҳарбий идора кейинроқ рўйхатга яна бешта ҳудудни қўшди: Курск, Тамбов, Смоленск, Орлов ва Иваново областлари. Курск областида энг кўп — 46 дрон йўқ қилингани айтилган. Шунингдек, Брянскда — 34, Воронежда — 28, Белгородда — 14 та. Лекин вазирлик рақамлари губернаторлар тунда келтирган рақамлар билан мос келмайди.

Тунги соат бирдан бошлаб Москва мэри Сергей Собянин ҳар соатда телеграмда Москвага учиб келган ёки Москва областида уриб туширилган навбатдаги дрон ҳақида ёзиб турди. Эрталабки соат бешга келиб турли районларда бешта дрон ҳужуми қайд этилди: Подолск, Ступино, Одинцово, Ленин шаҳар округи.

Соат етти яримда Собянин битта дрон Москва шаҳрига киришга муваффақ бўлгани — у Капотнадаги Москва нефтни қайта ишлаш заводи ҳудудида уриб туширилгани, «шикастланиш ва жабрланганлар йўқлиги, завод фаолиятига хавф йўқлиги»ни билдирди. Кейинроқ уриб туширилган яна бир дрон нефтни қайта ишлаш заводи ҳудудидаги бинолардан бирининг устига тушди, натижада ёнғин бошланди.

Эрталаб соат саккизга келиб Москва мэрининг ҳисобларига кўра, шаҳар ҳудудида уриб туширилган дронлар сони 11 тага етганди (Мудофаа вазирлиги хабарида иккита камроқ). Шу билан бирга, Собянин ўз статистикасига Москва области Кашир шаҳрига қилинган ҳужумларни киритмаган, бу ерда Ока дарёси бўйидаги электр станцияси ҳужум нишони бўлганди.

Бу маълумотни шаҳар округи раҳбари Михаил Шувалов телеграм орқали тасдиқлаган: «Кашир ГРЭС ҳудудига учта пилотсиз учиш қурилмаси билан ҳужум қилишга уриниш амалга оширилди. Қурбонлар ва вайронгарчиликлар йўқ, ёнғин ҳам келиб чиқмади».

Москва области ҳужумга учраган тўққизинчи регион бўлди, Твер области эса саккизинчиси эди. Ҳудуд раҳбарияти ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари «Конаково ҳудудида» бешта дронни уриб туширгани ҳақида хабар берган.

Бу вақтга келиб телеграм-каналларда аллақачон нафақат Каширдаги, балки Волга ёқасидаги Конаково ГРЭС ҳам ҳужумга йўлиққани ҳақида хабар пайдо бўлганди. Бу ҳақда расмий изоҳ берилмаган, Мудофаа вазирлиги эса Твер областида бешта эмас, битта дрон уриб туширилгани ҳақида хабар қилган.

Конаково Москва области билан чегарадош ҳисобланади. Москва области билан чегарадош бўлган яна бир ҳудуд бўлмиш Тула областида расмийлар учта дрон ҳужуми ҳақида хабар берган.

Ҳужум ёпирилма тус олгани ҳақида биринчи бўлиб Брянск области губернатори Александр Богомаз хабар қилганди. Тунги соат бирлар атрофида у 12 та дрон уриб туширилгани ҳақида хабар беради, икки соат ўтганидан кейин — яна 14 та дрон ҳақида ёзади. Тонгда якунларни келтиради: 27 та (Россия мудофаа вазирлиги хабарига кўра — 34).

Воронеж областида, губернатор Александр Гусевнинг маълумотига кўра, 28 та дрон «йўқ қилинган ва бостирилган», учта хусусий уй шикастланган, жароҳат олганлар йўқ.

Липецк области раҳбари Игор Артамонов Липецк саноат зонаси устида ва регионнинг яна икки районида учувчисиз учиш аппаратлари уриб туширилгани ҳақида ёзган (уларнинг сонига аниқлик киритилмаган). Қўшни Рязан области губернатори Павел Малков ҳам ҳеч қандай тафсилотларни келтирмаган ҳолда дронлар уриб туширилгани ҳақида маълумот берган (кейинроқ мудофаа вазирлиги мазкур ҳудудда саккизта дрон йўқ қилингани ҳақида хабар берди).

Тонгга келиб ҳужумга йўлиққан ўнинчи регион номи маълум бўлди, бу Калуга области эди. Ҳудуд губернатори Владислав Шапша дронлар «регионнинг турли қисмларида» уриб туширилгани ҳақида хабар берди, жумладан Калуга шаҳри чеккаларида ҳам (ҳарбийлар версиясига кўра, бешта дрон уриб туширилган).

Белгород губернатори Вячеслав Гладков тунда телеграм-каналларда Белгород навбатдаги марта ўққа тутилгани тўғрисида тарқалган хабарни тасдиқлади. У област маркази ва Белгород районига айнан қандай воситалар билан зарба берилганига аниқлик киритмаган.

«Белгород шаҳри ва Белгород районида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимимиз ишлади — шаҳарга кириш жойида ҳаводаги бир неча нишонлар уриб туширилди. Дастлабки маълумотларга кўра, жабрланганлар йўқ», — деган у телеграмда.

Бошқа губернаторларнинг постларида ҳам жабрланганлар ҳақида маълумот йўқ, аммо Белгородда бир неча автомобил ёниб кетган (губернаторнинг ўзи фотоларни эълон қилган) ва уйларнинг фасадлари шикастланган.

Жума куни кечқурун Белгород ракета зарбасига учраганди. Губернатор беш киши ҳалок бўлиб, 46 киши яралангани ҳақида маълум қилганди.

Ўша куни россияликларнинг Харкив бўйлаб зарбаси оқибатида олти киши ҳалок бўлганди, бу шаҳарда снарядлардан бири 12 қаватли турар жой биносига келиб урилган. Област ҳарбий маъмуриятига кўра, шанба куни Харкив яна бир бор ўққа тутилиши оқибатида икки киши ҳалок бўлган.

Йил давомида украин дронлари мунтазам равишда россияликларнинг ҳарбий аэродромларига, шунингдек нефтни қайта ишлаш ва сақлаш объектларига ҳужумлар қилган.

Украинада эса энергетика объектлари ва муҳим инфратузилмалар ёпирилма ҳужумларга учрайди, бунинг натижасида тинч аҳоли вакиллари ҳам ҳалок бўлади. Бундан ташқари, Россия армияси мунтазам равишда Харкив, Суми ва Украинанинг бошқа регионларини ўққа тутади.

26 август тонгида Россия Украина бўйлаб ёпирилма зарбалар йўллаган, бунинг учун 100 дан ортиқ ракета ва 100 га яқин зарбдор дронлардан фойдаланган. Украина президенти Володимир Зеленский ўшанда бу уруш бошланганидан буён амалга оширилган «энг йирик зарбалардан бири бўлгани»ни айтганди.

Мавзуга оид