Жаҳон | 23:59 / 02.09.2024
3374
2 дақиқада ўқилади

Севиляда норозиликлар: Ғарбий Нил вируси беш кишининг ўлимига сабабчи бўлди

Норозилик акцияси ташкилотчилари маҳаллий ва миллий ҳукуматдан касаллик тарқалишига қарши назоратни кучайтиришда фаолроқ ҳаракат қилишни талаб қилмоқда.

Фото: Getty Images

Испаниянинг Севиля аҳолиси ёзда беш кишининг ўлимига сабабчи бўлган Ғарбий Нил вирусига қарши курашда тегишли чоралар кўрилишини талаб қилиб, норозилик акциясини ўтказди, деб хабар беради BBC.

Вирус чивинлар инфекцияга чалинган қушларни чақиб, кейин одамлар қонини сўрганида юқади. Ўлим ҳолатларининг барчаси ва 61 та касалланиш ҳолати Севиля шаҳри яқинидаги Гвадалквивир дарёси ҳудудида қайд этилган.

Норозилик акцияси ташкилотчилари «Нил вирусига қарши кураш» платформасида чиқиш қилиб, маҳаллий ва миллий ҳукуматдан касаллик тарқалишига қарши назоратни кучайтиришда фаолроқ ҳаракат қилишни талаб қилмоқда.

Севиля ҳукумати аҳолини саросимага берилмасликка чақириб, вирусга қарши курашда провинциялар ва мэриялар билан ҳамкорликни кучайтиришини маълум қилди. 

Жорий ёз фаслида вирусдан вафот этган 86 ёшли аёлнинг оиласи маҳаллий ҳукуматга мактуб йўллаб, «ўзларининг ғазабини сочди». «Агар сизлар ўзларингни шинам кабинетларингда ўтирмасдан, масъулият билан ишлаганингларда ушбу фожиадан қутулиб қолиш мумкин бўларди», — дейилади мактубда.

Марҳуманинг оиласига кўра, вируснинг тарқалишига яқин атрофдаги шоли майдонларида дезинфекция ишлари амалга оширилмагани сабаб бўлган. 

Ғарбий Нил вируси одамга касалланган чивин чақиши орқали ўтади. Чивинлар эса вирусни хаста қушлар қонини сўриш орқали юқтириши аниқланган. Касалланган инсонларнинг 80 фоизида хасталик симптомлари умуман сезилмайди. Ҳар 150 беморнинг фақат бирида мушакларнинг бўшаши, кўришнинг заифлашуви, ҳолсизлик каби аломатлар юз беради. Мутахассислар фикрига кўра, касалликни даволашнинг аниқ воситаси мавжуд эмас. Аммо беморнинг ҳолати оғирлашса, уни касалхонага ётқизиш лозим бўлади.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид