Жаҳон | 22:33 / 03.09.2024
4645
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Украинага узоқ масофали JASSM ракеталарини етказиб бериши мумкин – ОАВ

Киев ҳозир қабул қилаётган F-16 қирувчи самолётлари JASSM ракеталарини учиришга қодир.

Фото: Wikimedia

Қўшма Штатлар кузда Украинага Россия ичидаги нишонларга зарба бера оладиган JASSM қанотли ракеталарини етказиб бериш тўғрисидаги қарорини эълон қилиши мумкин. Бу ҳақда Reuters ўз манбаларига таяниб ёзди.

Уларнинг таъкидлашича, Киев таъминотни бир неча ой кутишга тўғри келади, чунки АҚШ биринчи навбатда бир қанча техник муаммоларни ҳал қилиши керак. Киев қабул қилаётган F-16 қирувчи самолётлари JASSM ракеталарини учиришга қодир.

Агентликнинг уч нафар суҳбатдоши JASSM ракеталарининг Украинага навбатдаги ёрдам пакетига киритилиши кузда эълон қилиниши мумкинлигини, аммо бу борада якуний қарор ҳали қабул қилинмаганини таъкидлади.

JASSM ҳаво-ер синфидаги қанотли ракета Lockheed Martin томонидан ишлаб чиқилган ва тахминан 450 кг оғирликдаги жанговар каллакни олиб юришга қодир. Ракетанинг биринчи модификацияси парвоз масофаси 370 км, янгилари эса 800 км ни ташкил қилади. Reuters Украина учун ракеталарнинг қандай модификациялари муҳокама қилинаётганини аниқлай олмаган, бироқ Киевни қисқа масофага учувчи ракеталар билан таъминлаш Пентагон захираларига камроқ таъсир қилишини тахмин этди.

Агентликнинг қайд этишича, JASSM ракеталари фақат АҚШ самолётларидан учирилиши мумкин. Аммо Украина охир-оқибат ҳар бири иккита қанотли ракеталарни ташишга қодир бўлган 80 га яқин F-16 қирувчиларини қабул қилиши мумкин.

Ҳозирча Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари Киевни бир қатор чекловларга эга қурол-яроғ билан таъминламоқда, жумладан, улардан Россия ичидаги нишонларга ҳужум қилиш учун фойдаланиш тақиқланган.

Май ойи охирида АҚШ президенти Жо Байден Украинага Америка қуролларидан фойдаланган ҳолда Россия ҳудудига «чекланган» зарбалар беришга рухсат этди. Дастлаб, Украина фақат Харкив вилояти билан чегарадош ҳудудларга зарба бера олади, деб тахмин қилинган эди, бироқ кейинроқ Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан бу чегара билан боғлиқ ҳар қандай ҳудудни англатишини айтди.

Мавзуга оид