Жаҳон | 11:05 / 03.09.2024
2694
4 дақиқада ўқилади

Венесуэлада мухолифат етакчиси Гонсалесни ҳибсга олишга ордер берилди

Венесуэла судяси президентликка мухолифат номзоди Эдмундо Гонсалесни ҳокимиятни эгаллаб олиш, фитна уюштириш ва саботажда айблаб, ҳибсга олиш учун ордер берди.

Фото: Reuters

Венесуэлада терроризм ишлари бўйича ваколатларга эга судя мухолифат президентлигига номзод Эдмундо Гонсалесни ҳокимиятни эгаллаб олиш, фитна уюштириш ва саботажда айблаб, ҳибсга олиш учун ордер берди. Ҳужжат сурати 2 сентябр, душанба куни Каракас прокуратураси томонидан эълон қилинди.

Аввалроқ Венесуэла бош прокурори Тарек Уилям Сааб Гонсалес ва мухолифат етакчиси Мария Корина Мачадога нисбатан тергов бошланганини маълум қилганди, дея эслатади dpa агентлиги.

«Расмийлар ҳақиқий ҳаётдан бутунлай узилиб қолган» 

Гонсалесни ҳибсга олишга ордер чиқарилиши, агентлик таъкидлаганидек, баҳсли сайловлардан кейин Николас Мадуро томонидан мухолифатга қарши репрессияларнинг жиддий кучайганидан далолат беради.

«Улар (ҳокимият) ҳақиқий ҳаётдан бутунлай узилиб қолган», — деб ёзади Мачадо X ижтимоий тармоғида. «Сайланган президентга (мухолифат уни Гонсалес деб ҳисоблайди) таҳдидлар фақат венесуэлаликлар ва бутун дунёда Эдмундо Гонсалес янада кўпроқ қўллаб-қувватланишига олиб келади», дея қўшимча қилди у. 

Сўнгги дақиқада бюллетенда мухолифат етакчиси Мачадо ўрнини эгаллаган истеъфодаги дипломат Гонсалес баҳсли сайлов натижалари маълум бўлганидан бери яшириниб юрибди, деб хабар беради AFP. 

Венесуэлада Мадуронинг қайта сайланиши

Венесуэлада президентлик сайловлари 28 июл куни бўлиб ўтди. Мамлакат ҳукумати назоратидаги сайлов комиссияси маълум қилишича, аввалроқ икки муддат президентлик қилган Николас Мадурони сайловчиларнинг 51,2 фоизи қўллаб-қувватлаган. Бироқ халқаро кузатувчиларга сайловда иштирок этишига рухсат берилмаган.

Мухолифатга кўра, сайлов бюллетенлари адолатли ҳисобланганда, Гонсалес тахминан 67 фоиз овоз билан ғалаба қозониши керак эди. Мадуронинг рақиблари Венесуэла бўйлаб тўғридан тўғри сайлов участкаларидан олинган бюллетенлар 80 фоизидан ортиғини эълон қилди.

Сайлов натижалари эълон қилингач, Каракас ва Венесуэланинг бошқа шаҳарларида сохталаштиришга қарши намойишлар бошланди. Полиция ва ҳарбийлар намойишчиларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ ва резина ўқлардан фойдаланган. Турли манбаларга кўра, мамлакатдаги намойишлар чоғида 23-27 киши ҳалок бўлган.

ЕИ ва АҚШ сайлов натижаларини тан олмади

Қўшма Штатлар расман мухолифат номзоди Гонсалесни сайловда ғолиб деб эълон қилди. АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Венесуэла ҳукуматини «сайлов қонунлари ва халқ хоҳиш-истакларига мувофиқ ҳокимиятни тинч йўл билан ўтказиш бўйича мунозараларни бошлашга» чақирди.

Европа Иттифоқи сайлов протоколларини мустақил кўриб чиқишга чақирди. Брюссел Мадуронинг иккинчи муддатга қонунийлигини тан олмаган – мамлакатдаги аввалги сайловлар ҳам худди шундай сценарий бўйича ўтган, шундан сўнг унинг режими мухолифатни таъқиб қила бошлаган ва мамлакатда узоқ давом этган сиёсий инқироз авж олган. 

Венесуэла бош прокуратураси 2 сентябр куни Гонсалесни сайлов натижаларини эълон қилган мухолифат сайти бўйича кўрсатма бериш учун учта чақирув қоғозига жавоб бермагани учун ҳибсга олиш тўғрисида ордер беришни сўради. Мадуро 2013 йилдан бери Венесуэла президенти лавозимида ишлаб келмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид