АҚШ Ҳамас етакчиларига айблов эълон қилди
Ҳамас етакчилари 2023 йил 7 октябрда Исроилда уюштирилган ҳужум чоғида АҚШ фуқароларининг ўлимида айбланган.
АҚШ Адлия вазирлиги Фаластиннинг Ҳамас ҳаракати бир қанча етакчиларини терроризм, қотиллик бўйича фитна уюштириш ва санкциялардан бўйин товлашда айблади. Бу ҳақда 3 сентябр, сешанба куни идора матбуот хизмати хабар берди.
Терговчиларга кўра, айбловлар Ҳамас етакчиларининг 2023 йил 7 октябрда Исроилда ҳужум ҳаракатларини режалаштириш, қўллаб-қувватлаш ва амалга оширишдаги марказий роли билан боғлиқ.
«Адлия вазирлиги Яҳё Синвар ва бошқа юқори мартабали Ҳамас раҳбарларини Америка фуқароларини ўлдириш ва Америка Қўшма Штатлари миллий хавфсизлигига таҳдид соладиган ўнлаб йиллар давом этган кампанияни молиялаш, бошқариш ва назорат қилишда айблади», деди адлия вазири ва АҚШ бош прокурори Меррик Гарленд.
Унинг эслатишича, 7 октябр куни гумонланувчилар 1200 га яқин одамни, жумладан 40 дан ортиқ АҚШ фуқароларини ўлдирган ва юзлаб тинч аҳолини ўғирлаб кетган.
Нетаняҳу: Ҳамас гаровга олинганларнинг ўлими учун қаттиқ жавоб беради
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётни Ҳамас ташкилоти мағлубиятга учрамагунча ва жангчилар қўлида қолган исроиллик гаровга олинганлар озод қилинмагунча давом эттиришга қатъий қарор қилди. Бу ҳақда Исроил ҳарбий вазирлар маҳкамаси раҳбарининг Рафаҳ шаҳри яқинидаги туннеллардан бирида гаровга олинган олти кишининг жасади топилганидан кўп ўтмай, 2 сентябр, душанба куни кечқурун ўтказилган матбуот анжуманида берган баёнотларида айтилган.
30 август куни Ғазо сектори жанубида тўрт эркак ва икки аёлнинг жасади топилган эди. Исроил Соғлиқни сақлаш вазирлиги 31 август куни ўтказилган суд-тиббий экспертизадан сўнг маълум қилишича, гаровга олинганлар 2-3 кун аввал «Ҳамас томонидан яқин масофадан бир нечта ўқ узиш натижасида» ўлдирилган.
2 cентябр куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида ушбу фожиани изоҳлар экан, Нетаняҳу ҳалок бўлганларнинг яқинларидан Исроил ҳукумати уларни тириклайин уйига қайтара олмагани учун кечирим сўради. «Биз яқинлашдик, аммо муваффақиятга эриша олмадик», деб тан олди у. Шу билан бирга, Исроил бош вазири Ҳамас бу жиноят учун қаттиқ жавоб беришини таъкидлади.
Яқин Шарқдаги кескинлашув
2023 йил 7 октябр куни эрталаб Ҳамаснинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.
Ҳамаснинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида Ҳамасга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.
Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 40,7 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.
Мавзуга оид
22:51 / 22.11.2024
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
21:25 / 22.11.2024
Россия ортидан АҚШ ҳам ядро стратегиясини ўзгартирди
13:52 / 22.11.2024
АҚШ Ўсимликлар карантини агентлигига 205 минг долларлик ускуналар топширди
21:00 / 21.11.2024