Жаҳон | 00:48 / 04.09.2024
8301
2 дақиқада ўқилади

Конго қамоқхонасида оммавий қочиш: камида 129 киши ҳалок бўлди

Маҳкумлар қочишга уринган мамлакатдаги «Макала» қамоқхонаси 1,5 минг кишига мўлжалланган бўлсада, у ерда 12 мингдан ортиқ жиноятчи сақланиб келган.

Фото: AP

Конго Демократик Республикаси (КДР) пойтахти Киншаса шаҳрида жойлашган «Макала» қамоқхонасидан маҳбуслар қочиб кетишга уринди. 

Қайд этилишича, қочишга уриниш вақтида юзага келган ёнғин оқибатида қамоқхонанинг бир нечта биноси, жумладан, офислар, рўйхатга олиш хоналари, лазарет ва озиқ-овқат омборига зарар етган. 

Amnesty International ҳисоботига кўра, мазкур қамоқхона 1,5 минг маҳбусга мўлжалланган бўлсада, у ерда 12 мингдан ортиқ киши сақланган. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотининг таъкидлашича, «Макала»даги шароит «даҳшатли» бўлган.

«Дастлабки ҳисоб-китоблар бўйича 129 киши ҳалок бўлди, уларнинг 24 нафари ўқотар қуроллар қурбонига айланган. Қолганлар юзага келган тиқилинч ва тўс-тўпалонда ҳалок бўлган», — дейди мамлакат ички ишлар вазири Лукоо Биханго.

КДР адлия вазири Констант Мутамба қамоқхонада амалга оширилган қочишга бўлган уринишни «олдиндан режалаштирилган саботаж акти» дея қоралади. Мутамба прокурорларга «Макала»даги маҳкумлар сони ортиб кетганига оид муаммолар ҳал этилмагунча, маҳбусларни бу ерга юборишни тақиқлаб қўйди.

Конгода маҳкумларнинг қамоқхонадан қочиши биринчи марта содир бўлмаяпти. 2017 йилда «Макала»дан 50 дан ортиқ маҳкум қочиб кетганди. 2020 йилда эса мамлакат шимоли-шарқида жойлашган «Бени» қамоқхонасидан 1000 га яқин маҳкум қочишга муваффақ бўлган.

Мавзуга оид