Жаҳон | 12:15 / 05.09.2024
2070
2 дақиқада ўқилади

Полша Лвивда вайрон бўлган уйларни тиклашга ёрдам беришга тайёр

Полша ҳукумати раҳбари Доналд Туск рус қўшинлари томонидан вайрон қилинган Лвивдаги тарихий биноларни тиклашда ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилди.

Фото: Reuters

Россиянинг Лвивга уюштирган йирик ракета ҳужумларидан сўнг Полша бош вазири Доналд Туск Полша ҳукумати вайрон бўлган биноларни тиклашда ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилди. «Лвивга ёрдам керак! Шаҳар маркази Россия ҳужуми нишонига айланди. Кўплаб тарихий бинолар шикастланган», — деб ёзди Туск X ижтимоий тармоғида.

Лвив Украинанинг ғарбий қисмидаги энг йирик шаҳар бўлиб, у Полша билан чегарадан атиги 60 км узоқликда жойлашган. Россия томони Украинанинг ғарбий ҳудудларини ўққа тутаётганда, Полша расмийлари ўз авиациясини тобора кўпроқ осмонга кўтармоқда. Шундай қилиб, 4 сентябрга ўтар кечаси Полша ва иттифоқчиларнинг жанговар самолётлари саккиз кун ичида учинчи марта тревога бўйича кўтарилди, деб хабар берди Полша қуролли кучларининг тезкор қўмондонлиги.

Россиянинг Лвивга ҳужуми оқибатида етти киши ҳалок бўлди

Лвив мэри Андрей Садовой ва Лвив вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Максим Козицкийнинг хабарларига кўра, 4 сентябр тонгида Россиянинг Лвивга ракета ҳужуми натижасида камида етти киши ҳалок бўлган, улардан уч нафари бола, яна 64 киши яраланган. Ярадорлар шаҳар шифохоналарига ётқизилган, беш нафар беморнинг аҳволи оғир. 

Аввалроқ, маҳаллий вақт билан тахминан 05.40 да Украина қуролли кучлари ҳаво кучлари Лвив вилояти йўналишида учаётган «икки гуруҳ қанотли ракеталар» ҳақида огоҳлантирган эди. Украинанинг Liga.net интернет нашрига кўра, соат 05.50 атрофида Лвивда иккита кучли портлаш содир бўлган. Максим Козицкий сўзларига кўра, Россиянинг ўққа тутиши натижасида Лвивдаги турар жой бинолари ҳам зарар кўрган.

Лвив вилоятида 4 сентябр куни Россиянинг ҳужуми натижасида темирйўлда электр таъминоти узилиб қолди, деб хабар берди «Укрзалiзниця» компанияси матбуот хизмати. Ташишни таъминлаш учун захира тепловозлар олиб келинди.

Мавзуга оид