Жаҳон | 00:28 / 06.09.2024
3205
2 дақиқада ўқилади

Ҳонгконгда «Яги» супертайфуни туфайли 100 дан ортиқ рейс бекор қилинди

Шаҳардаги дўконлар озиқ-овқат захираларини ғамлаб олишга чиққан аҳоли ва туристларга тўлиб кетган. Ҳонгконг ҳукумати фуқароларни зарурат бўлмаса, уйларини тарк этмасликка чақирмоқда.

Фото: SCMP

Ҳонгконгда «Яги» супертайфуни туфайли 101 та рейс бекор қилинди. Бу ҳақда ҳаво бандаргоҳи электрон таблоси маълумотларига таяниб, маҳаллий ОАВ хабар бермоқда.

«Маҳаллий вақт билан соат 18:20 да Ҳонгконг метеорология обсерваторияси «Яги» супертайфуни яқинлашаётгани туфайли жорий йилда бўрондан огоҳлантириш даражасини биринчи марта Т8 даражасига қадар кўтарди. Шу боис шаҳардаги ерусти жамоат траснпортлари деярли тўлиқ фаолиятини тўхтатди. Ўқув муассасаларидаги дарслар бекор қилинди», — деб ёзади South China Morning Post.

Қайд этилишича, шаҳардаги дўконлар озиқ-овқат захираларини ғамлаб олишга чиққан аҳоли ва туристларга тўлиб кетган. Ҳонгконг ҳукумати, шунингдек, фуқароларни баланд ҳудудлар ва қирғоқ бўйларини тарк этишга, зарурат бўлмаса, уйларини тарк этмасликка чақирмоқда.

Метеорологларнинг баҳолашича, тайфун шаҳардан 330 километр жанубда бўлиб, ҳозирда шимоли-ғарб йўналишида ҳаракатланмоқда. 6 сентябр кунининг иккинчи ярмида у Хайнан провинциясининг жанубий қисми ва Лейчжоу яриморолига ёпирилиши кутилмоқда. Айни вақтда супертайфун ичидаги шамол тезлиги сониясига 58 метрни ташкил этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, август охирларида Японияда «Шаншан» тайфуни яқинлашаётгани туфайли 230 дан ортиқ рейс бекор қилинганди. Бекор қилинган авиарейсларнинг аксарияти Japan Airlines компаниясига тегишли (28 август кунги 82 та рейс ва эртаси куни яна 60 та рейс) эди.

Мавзуга оид