Спорт | 14:53 / 06.09.2024
17869
3 дақиқада ўқилади

Спортга харажатлар: келажак учун инвестициями ёки ортиқча дабдаба?

Фаол муҳокамалар – уйғоқ фуқаролик жамиятининг асосий белгиларидан. Париж олимпиадаси ўзбекистонликларга катта қувонч бағишлаш билан бирга, ижтимоий тармоқларда давлатнинг спортни молиялаштириши ҳақидаги муҳокамани ҳам юзага чиқарди. Kun.uz бу борада қарама-қарши фикр эгаларини студияга таклиф этди.

Суҳбат аввалида Ўзбекистон дзюдо жамоаси менежери Элдор Қаҳҳоров олимпиадачиларнинг иштирокига тўхталди. Унинг фикрича, даставвал спортчиларнинг кайфияти футболдаги кетма-кет мағлубиятлар сабаб бироз тушган, лекин кейин Диёра Келдиёрованинг дзюдодаги олтини бошқа спортчиларга ҳам мотивация берган. Менежернинг айтишича, чемпионлар албатта, тақдирланиши, рағбатлантирилиши керак. Давлат ҳисобиданми, хусусий секторданми, бу – иккинчи масала.

Блогер Отабек Маҳкамовнинг таъкидлашича, мукофотларнинг тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан берилиши нотўғри. Дунё тажрибасига кўра, чемпионларни рағбатлантиришни спорт ҳомийлари ва бизнес вакиллари ўз зиммасига олади. Бундан ташқари, спортга ва билим эгаларига бўлган муносабат ҳар хил бўлмаслиги керак.

“Пуллар давлат бюджетидан экан, бу борада ўйлаброқ гапиришимиз керак. Сингапурда бериладиган пул ҳақида гапирилди, Сингапур ва Ўзбекистон иқтисодиётини солиштирсак, жуда қўрқинчли рақамларга дуч келамиз. Чемпионлик бу – давлат обрўйи учун позитив воқеа. Ғолибларга керак бўлса 500 миллион доллар берилсин, лекин давлат бюджетидан эмас”, дейди Маҳкамов.

“Silk Road Research academy” ижрочи директори, таълим бўйича тадқиқотчи Азамат Акбаровнинг фикрича, давлат спортга аралашишни тўхтатиши керак. Спортнинг ривожи хусусий сектор билан яхшироқ бўлади.

“Англияда камдан кам ҳолларда давлат спортга аралашади. АҚШ олимпия қўмитаси давлатдан деярли маблағ олмайди. Ҳаттоки, Америка стадион қуришга ўйлаб пул ажратади. Агар шу стадион ўзини оқласагина, пул беради. Яқинда ўқидим, Ўзбекистоннинг 6 мингдан ортиқ мактабларида канализация йўқ экан. Давлат учун приоритетлар аниқ ва тўғри бўлиши керак”, – дейди Акбаров.

Спорт менежери Қаҳҳоров эса фаолларнинг гапига жавобан спортчилар ҳеч нарсага муҳтож бўлмаслиги кераклигини таъкидлади.

“Америка ривожланган давлат, деярли барча спорт турларида уларнинг спортчиси қатнашади. Биз бор-йўғи 5 та спорт турида медал олдик. Биласизми, спортчилар оч қолмаслиги керак. Уларда пул ва бошқа нарсаларда эҳтиёж қолмасагина, асосий эътиборини спортга қаратади. Мана, Баҳодир Жалолов, Улуғбек Рашитовлар Токиода олтин олди, мукофотни ҳам олиб, асосий эътибори яна спортда бўлди”, дейди Қаҳҳоров.

Отабек Маҳкамовнинг қўшимча қилишича, нафақат спортчилар, балки ёш олимлар ҳам оч қолмаслиги керак. Чемпионларга бўлган муносабат турли халқаро фан олимпиадалари ва конкурсларга қатнашганлар билан бир хил бўлиши лозим. Андижонлик Райёна Иброҳимованинг халқаро олимпиадада биринчи ўринни олиши олимпиада чемпионларининг ютуғидан камдек кўринмаслиги лозим, дейди у.

Шоҳрух Мажидов суҳбатлашди.

Мавзуга оид