Ўзбекистон | 19:22 / 07.09.2024
16386
4 дақиқада ўқилади

Пропан 3 ойда 68 фоизга қимматлашди. Рақобат қўмитаси жим

5 июндан 5 сентябргача бўлган даврда биржа савдоларида пропаннинг 1 тоннаси 5,3 млн сўмдан 8,9 млн сўмгача ёки 68 фоизга ошди. Бунга импортда Россияга қарамлик, ички бозордаги рақобат муҳитининг ёмонлиги таъсир қилаётган бўлиши мумкин.

Фото: "Yandex Xaritalar"

Охирги ойларда пропан нархи ёқилғи қуйиш шохобчаларида кескин қимматлашди. Бу биржада нархлар ошгани фонида рўй беряпти.

5 июн ҳолатига пропаннинг 1 тоннаси 5 млн 320,4 минг сўмдан сотилган бўлса, бу 5 сентябрга келиб 8 млн 936,9 минг сўмгача қимматлашган. Яъни 3 ой давомида ушбу маҳсулот баҳоси 68 фоизга ошган.

Расмий статистикага кўра, пропан нархи биргина август ойида 20,2 фоизга, йиллик ҳисобда 32,7 фоизга қимматлашган.

Пропан таклифи камайган

Июн ойида биржа савдоларида кунлик энг кўп суюлтирилган газ 14 июн куни сотилган – 1981 тонна. Энг ками 24 июн куни – 1105 тонна. Июл ойининг дастлабки 15 кунлигида кунлик сотувларнинг энг кам миқдори 1001 тоннани (13 июл), энг кўп миқдори эса 1513 тоннани (8 июл) ташкил қилган, яъни харидорлар учун етарли миқдорда таклиф мавжуд бўлган. 16-31 июл оралиғида эса кунлик сотув 1000 тоннадан ҳам ошмаган.

Фақатгина 2 август кунига келиб, нархлар кескин қимматлашганидан кейин биржадаги кунлик савдолар 1000 тоннадан кўпайган.

2024 йил июн, июл, август ойларида биржа савдоларида сотилган кунлик суюлтирилган газ ҳажмлари / Биржа маълумотлари асосида

Нархлар барқарор бўлган июн ва нархлар кескин оша бошлаган июл ойининг иккинчи ярми ва август ойларидаги кунлик сотувлар ҳажмига эътибор қаратиладиган бўлса, сезиларли камайиш кузатилган. Айнан етарли даражада таклифнинг бўлмагани ҳам сотувлар ҳажми қисқаришига ва нархлар ошишига таъсир қилган асосий омиллардан бири бўлиши мумкин. Яъни август ойининг бошида метан нархларининг қимматлашиши пропанга бўлган талабни ошириб юборди, аммо мавжуд талабни қондиришга етарли бўлган таклиф мавжуд бўлмади.

Энергетик диверсификация керак”

Иқтисодчи Отабек Бакиров пропан нархлари қимматлашиб бораётганини Россияга энергетик қарамлик кучайгани билан боғлаганди.

“Ўтган ойларда Россиянинг жанубий ва ғарбий ҳудудларида жойлашган нефтни қайта ишлаш заводлари ҳарбий объектлар сифатида нишонга олинди ва уларнинг аксарияти ишдан чиқарилди. Охирги ҳафталарда энг йирик ёқилғи омборлари йўқ қилинди ва қилинмоқда. Бу жараён босқинчи агрессор ўз қўшинларини Украинадан олиб чиқмагунча тўхтамайди. Ҳозирда Россияда нафақат фронт бўйлаб, фронтдан узоқ ҳудудларда ҳам ёқилғи етишмовчилиги бошланган.

Шунинг учун, гарчи жаҳон бозорида нефт нархи арзонлашаётганига қарамай, Россияга сунъий равишда қарам қилинган Ўзбекистонда ёқилғи нархлари яна потирлаб ошиб ётибди.

Бизга энергетик диверсификация керак эди, лекин амалда энергетик диверсияга рўпара қилиндик”, деб ёзганди иқтисодчи.

Отабек Бакировнинг қўшимча қилишича, бошқа мамлакатлардан ёқилғи импорти тикланмаса, нархлар яна ҳам ошиши мумкин.

“Нархлар, агар зудлик билан дўст ва қардош мамлакатлар –Туркманистон, Озарбойжон ва Қозоғистондан муқобил каналлар йўлга қўйилмаса, яна ошади. Чунки олдинда талаб кескин кўпаядиган куз ва қиш ойлари бизни кутмоқда”, деганди у.

Иқтисодчи Туркманистонда пропаннинг нархи тоннасига 300 доллар эканига урғу бериб, уни Афғонистон, Туркия ва БАА каби мамлакатлар харид қилаётганини қайд этган.

1 август куни Рақобат қўмитаси биржа орқали реализация қилиниши белгиланган суюлтирилган газ маҳсулотининг қўйилиши ва сотилиши юзасидан тегишли ўрганишларни олиб бориб, қўшимча ахборот берилишини маълум қилганди. Ўтган давр мобайнида пропан нархи янада қимматлашди, қўмита эса ўрганиш ишларининг натижаси ҳақида маълумот бергани йўқ.

Мавзуга оид