Ўзбекистон | 12:50 / 08.09.2024
7392
2 дақиқада ўқилади

Экологик партия ҳам номзодлар рўйхатини эълон қилди

Жорий йилнинг 27 октябрида бўлиб ўтадиган Парламент сайловларида иштирок этувчи сиёсий партиялар ўзларининг Сайловолди дастурлари ва депутатликка номзодларини тасдиқламоқдалар.

Фото: Экологик партия

7 сентябрь куни Ўзбекистондаги энг ёш сиёсий партия ҳисобланган, Ўзбекистон Экологик партияси ўзининг янги Сайловолди дастури ва депутатликка илгари сураётган номзодларини муҳокама қилиш мақсадида партиянинг V Форуми бўлиб ўтди.

Форумда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан сайланган делегатлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, партиянинг Марказий Кенгаши аъзолари, давлат ва жамоат, нодавлат ташкилотлар вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Форум делегатлари қизғин муҳокамалардан сўнг Ўзбекистон экологик партиясининг “Табиат учун бирлашайлик!” ғояси мужассамлашган Сайловолди дастурини тасдиқлади.

Шунингдек, Форум делегатлари томонидан Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатиш ҳақидаги масала ҳам кўриб чиқилди.

Партиядан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига мажоритар бир мандатли округлар бўйича 75 нафар, партиявий рўйхат бўйича 100 нафар номзодлар кўрсатилди.

Таъкидлаш жоизки, номзодларнинг 44,6 фоизи аёллардан иборат бўлиб, барча 175 нафар номзод олий маълумотга эга ҳамда уларнинг 31,5 фоизини экологлар, 10 фоизини ҳуқуқшунослар, 9 фоизини тиббиёт, 15 фоизини иқтисодиёт ва 34,5 фоизини бошқа соҳалар вакиллари ташкил этади. Шунингдек, номзодларнинг 26 нафарини юқори малакали олимлар ташкил этади.

Форумда кўрсатилган номзодларга оид ҳужжатлар рўйхатдан ўтказиш учун тез кунларда Марказий сайлов комиссиясига тақдим этилиши маълум қилинди.

Мавзуга оид