Фронтдаги вазият: Донбассдаги украин мудофааси инқирози кучайиб бормоқда
Украина қуролли кучлари йиллар мобайнида ушлаб турган бир неча муҳим истеҳкомлар хавф остида. Украина қуролли кучларининг Курск атрофидаги юриши билан нима бўлмоқда?
Россия армияси Покровск йўналишида сўнгги ҳафталарда эришган муваффақиятларини мустаҳкамлашда давом этмоқда. Шу билан бирга, РФ қуролли кучлари ҳозирча украин қўшини учун логистика нуқтайи назаридан ўта муҳим бўлган шаҳарнинг ўзини штурм қилишга шошилмаяпти. Бунинг ўрнига улар асосий кучлар билан жануб томонга йўналган. Бундай манёвр Украина қуролли кучларининг Донбасс жанубидаги чуқур инқироз келтириб чиқарди. Катта эҳтимол билан, Украина қуролли кучлари қуршовга тушиб қолиш хавфи остида Невелское қишлоғи ҳудудидаги бўртиқдан (Марйинка ва Красноҳоривка шимолида) қўшинларни олиб кетишга мажбур бўлади, улар бу позицияларни бир йилдан ортиқ вақт мобайнида РФ қуролли кучларининг ўнлаб ҳужумларини қайтарган ҳолда ушлаб турганди. Бу эса аҳамияти Покровскникидан кам бўлмаган Курахово шаҳрини — Донбасс жанубидаги ҳудудлар учун таъминот чизиқлари тугуни бўлган ҳудудни жиддий хавф остида қолдириши мумкин.
Украина қуролли кучлари Курахово ҳудудида мудофаани кучайтириш учун катта эҳтимол билан қўшни Вуҳледардаги кучларни олиб ўтади — бу ҳам йиллар мобайнида ушлаб турилган ва РФ қуролли кучларининг кўплаб ҳужумларини бошдан кечирган яна бир истеҳкомдир. Россия қўмондонлиги Вуҳледар фронти заифлашувига дарҳол реакция қилди — шаҳарга шимол, шарқ ва жанубдан кучли ҳужумлар уюштирилмоқда.
Покровск фронти
Россия қўшини 10 кун муқаддам Покровск ва Мирноградга жанубдан ҳужум қилишга уринишларни тўхтатди. Асосий кучлар жанубга бурилди ва Селидовога қадар етиб келди. Аммо афтидан, бу шаҳар ҳам юришнинг биринчи галдаги нишони бўлмаган. Сўнгги ҳафтада Донецк — Покровск йўлидаги Карловка қишлоғини эгаллаган Россия қўшини жанубга юришда давом этди. Галициновка ва Долиновка қишлоқлари ҳам эгалланган.
Шу тариқа, Россиянинг йирик гуруҳи (камида бутун бир мотоўқчилар бригадаси) шарқ томон анча ичкари — қарийб Донецк яқинигача кириб борган бўртиқни мудофаа қилаётган украин қўшини ортидан чиқди. Украина қуролли кучлари айнан шу ердан туриб Донецкни — Россиянинг Донбассдаги бутун гуруҳи таъминоти маркази ҳисобланган шаҳарни ўққа тутиш имкониятига эга.
Украинанинг мазкур позицияси маркази Невелское қишлоғи яқинидаги тепаликда жойлашган. РФ мудофаа вазирлиги Невелское эгаллангани ҳақида март ойидаёқ хабар берганди, аммо амалда Украина қуролли кучлари атрофдаги ҳудудларни ва тепаликларни назорат қилишда давом этди.
Қишлоқ атрофидаги ҳудудларни 59-механизациялашган бригадаси мудофаа қилмоқда, унинг бўлинмалари шу вақтгача Россия қўшинларининг ўнлаб штурмларини қайтарган. Бошқа ишлардан ташқари, улар Донецк — Покровск трассасини олов назоратида ушлаб турибди, бу йўлда мунтазам равишда РФ қуролли кучларининг таъминот машиналари ҳамда зирҳли техникалари зарбага учрайди. Бу йўл устидан назорат ўрнатилиши Россия қўмондонлигига Покровск ва Селидове атрофидаги кучларига таъминот етказиб бериш имкониятини яхшилайди.
Невелское қуршовга олиниши осон иш эмас: Россия юриши суръатлари ҳамон юқори эмас, бу эса Украина қуролли кучлари исталган маҳалда «қоп»ни тарк этишига имкон беради. Ҳозирча 59-бригада баталёнлари Невелское ҳудудидан кетганини кўрсатувчи бирор белги йўқ. Россия қўшини Галициновкадан (катта эҳтимол билан, ушбу ҳудуддаги йирик аҳоли яшаш манзиллари — Украинск ва Горнякни четлаб ўтган ҳолда) жанубга қараб ҳаракатланар экан, украин кучларини тўла жанговар ҳолатда ва барча техникалари билан олиб чиқиш тобора қийинроқ вазифага айланмоқда. Россия гуруҳи жанубдан ҳам — аввалроқ эгалланган Красноҳоривка томондан ҳам юришга қўшилиши мумкин.
Вуҳледар йўналиши
Вуҳледар — Украина қуролли кучлари йиллар мобайнида россияликларнинг мунтазам амалга оширган штурмларига қарамай, ушлаб турган яна бир муҳим таянч пунктидир. Айнан ушбу шаҳар Украинанинг Донбасс жанубидаги мудофаасида тамал тоши эди.
Вуҳледарга жанубдан қилинган ҳужумлар орқали мақсадига эриша олмаган РФ қуролли кучлари сўнгги ойларда унга шарқдан яқинлашга ҳаракат қилмоқда. Мақсад яқин: Россия қўшини Вуҳледарга шимолдан келувчи йўлни тўсиб қўйган ва энди шаҳар мудофааси учун муҳим бўлган объектлар — Водяне қишлоғи ҳамда «Южнодонбасская-1» конини штурм қилмоқда.
Сентябр бошида РФ қуролли кучлари кутилмаганда Вуҳледар ғарбига ҳужум қилиб, Пречистовка қишлоғини эгаллади ва украинларнинг Донбасс жанубидаги мудофаасидаги яна бир муҳим нуқта — Велика Новосилкага борувчи йўлни кесиб қўйди. Бу юриш давом эттирилиши билан икки аҳоли яшаш манзили ва улардаги гарнизонларга хавф кучаяди (Россия қўшини Велика Новосилкага жанубдан яқинлашмоқда).
Торецк фронти
Торецкдан жануб ва шарқдаги ишчилар посёлкаларини эгаллаб, шаҳар чеккаларига етиб келган Россия қўшини ҳаракатини секинлаштирган.
Бу Украина қуролли кучлари шаҳарга олиб келган захира кучларининг қарши ҳаракатлари туфайли ҳам, юриш қилаётган бўлинмалар таъминот базалари ҳамда Ҳорливкадаги артиллерия позицияларидан узоқлашиб кетгани билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин.
Катта эҳтимол билан, РФ қуролли кучлари Ню Йорк посёлкасидаги фенол заводини эгаллай олмади, бу ҳудуд Торецкка жануб ва жануби-ғарбдан ҳужум қилиш учун муҳим таянч пункт вазифасини ўташи мумкин эди.
Бошқа томондан, Россия қўшини шарқдан — Клешчиевка, Андрийивка ва Бахмут жанубидаги Озаряновкадан туриб Торецк йўналишида ҳужум бошлаган.
РФ қуролли кучлари Часив Яр яқинида Северский Донец — Донбасс каналини кечиб ўтишга, бу орқали унинг ғарбий соҳилида бир неча барқарор плацдармлар ташкил этишга қаратилган ҳаракатларини давом эттирмоқда. Улар бу плацдармлардан туриб Часив Ярга босим қилиши, шу билан бирга Торецк штурмини қўллаб-қувватлаши мумкин бўларди. Лекин Часив Яр йўналишида босим ўтказиш имконияти чекланган, чунки Россия кучларининг каттагина қисми бу ердан олиниб, Курск областига ташланган. Аммо Украина қуролли кучлари ҳам нисбатан жанговар кучларини Покровск ҳудудига юбориб, шаҳар мудофаасини кучсизлантирган.
Курск области
Украина қуролли кучлари учта трасса: Суджа — Курск, Суджа — Лгов ва Суджа — Рилск трассалари бўйлаб босимни давом эттирмоқда. Улар уч йўналишдан иккитасида ютуқларга эришган.
Суджа — Рилск бўйидаги Кореневода, шунингдек жануброқда — Глушково ҳудудида — украинларнинг юриши тўхтаб қолган. Украина қуролли кучлари Коренево шимолий-шарқий чеккасидаги Олговка қишлоғининг бир қисмидан сиқиб чиқарилган.
Украина қўшини бир неча ҳафталик жанглардан кейин Суджа — Лгов йўлидаги Малая Локняни эгаллаган ва шимолга бир неча километрга илгарилаган. Аммо РФ қуролли кучларининг Кромские Бикидаги кейинги тўсиғи ҳозирча ишончли кўринмоқда.
Украина қўшини Суджа — Курск трассасида Мартиновка қишлоғини ҳам эгаллаган, бу ҳудуддаги жанглар юришнинг илк кунларидан буён давом этаётганди. Аммо трасса бўйлаб олдинга юришга РФ қуролли кучлари Болшой Солдатское ва унинг атрофида ўрнатган кучли ҳимояси тўсқинлик қилмоқда.
Нима бўлганда ҳам Россия қўшини ҳозирча Курск областидаги вазиятни тўлиқ барқарорлаштиришга эришмади. Украина қуролли кучлари ташаббусни ўзида сақлаб қолмоқда — ва ўз ҳужумлари билан Россия қўмондонлигини Украина шарқидаги юришини заифлаштиришга умидни ҳам.
Мавзуга оид
20:12
«Афтидан қўрқинчли, аммо ҳеч нарсани ўзгартиролмайди» — «Орешник» қанақа ракета?
14:17
Венгрия Украина билан чегарада ҲММ тизимларини ўрнатиш ниятида
09:12
Британия Украинадаги вазият кескинлашганини маълум қилди
22:23 / 21.11.2024