Ўзбекистон | 12:34 / 10.09.2024
1248
1 дақиқада ўқилади

Венгрия 2025 йилда Ўзбекистонда "Кубик Рубик" кўргазмасини ўтказади

Ўзбекистон элчиси Ойбек Шахавдинов Венгриянинг Мохоли-Над номли Санъат ва дизайн университети бош ижрочи директори Река Метхаидес ва проректор Лили Эрмезей билан музокара ўтказди.

Фото: "Дунё" АА

Унда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳамда Мохоли-Над номидаги Санъат ва дизайн университети ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Томонлар, шунингдек, ўқув ва малака ошириш дастурларини амалга ошириш, талабалар ва ўқитувчиларнинг амалиёт ўташлари, қўшма кўргазмалар ташкил этиш имкониятларини ҳам муҳокама қилдилар.

Венгрия вакиллари қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай шарт-шароит яратиш ва икки мамлакат олий таълим муассасалари ўртасидаги профессионал алоқаларни мустаҳкамлаш имконини берадиган ўзаро муносабатларни кенгайтиришдан манфаатдорлигини тасдиқлади.

Бош ижрочи директор Река Метхаидес ҳамкорликнинг илк қадами сифатида 2025 йилда Ўзбекистонда "Кубик Рубик" кўргазмасини ўтказишни таклиф қилди.

Мазкур тадбир икки давлат ўртасидаги маданий-маърифий алоқаларни ривожлантиришда муҳим босқич бўлиши кутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид