Жамият | 10:06 / 12.09.2024
8728
5 дақиқада ўқилади

Самарқандда газ портлаган «дом» аҳолиси эвакуация қилинмоқда

Самарқанд шаҳридаги турар жой биносида портлаш содир бўлган кўп қаватли уй яшаш учун яроқсиз, деб топилган ва уйда истиқомат қилувчилар кўчирилмоқда. Уйнинг бир қисми бузиб ташланиб, қайтадан қурилиши айтилмоқда.

9 сентябр, душанба куни соат 17:30 лар атрофида Самарқанд шаҳри Беруний кўчасида жойлашган 9 қаватли 86-турар жой уйидаги хонадонларидан бирида газ портлагани хабар қилинганди.

Kun.uz’га ҳодисанинг янги тафсилотлари маълум бўлди. Унга кўра, портлаш юз берган хонадонда эгаси ўша куни АҚШдан келган, бироз дам олгач, ювиниш учун ваннага кирган. Узоқ вақт мобайнида ҳеч ким яшамаган хонадонга газ сизиб чиқиб тўпланган ва хонадон эгаси буни сезмаган. 50 ёшлар атрофидаги эркак ваннадан чиқиб, чироқни ёққан пайтда хонадонда тўпланиб турган газ портлаган. У 90 фоиздан ортиқ куйиш жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.

Расмийлар воқеада яна бир киши жароҳатланганини айтишмоқда. Бахтли тасодиф туфайли ҳеч ким ҳалок бўлмаган. Тасдиланмаган маълумотларга кўра, жароҳатланганлар сони 5 киши.

Портлаш натижасида уйлардан сочилиб чиққан буюмлар, дераза бўлаклари ҳеч кимга зарар етказмаган. Фақат ҳовлида турган бир автомашинанинг олд ойнаси синган. Гиламлар ва бошқа буюмлар ҳовлидаги дарахтлар устида осилиб ётибди.

1974 йилда қурилган 9 қаватли ушбу уй учта алоҳида бўлакдан иборат ва зич қилиб қурилган. Уларнинг орасида сейсмик чок бор. Портлаш уйнинг ўнг томонидаги қисмида ўрта подъезддаги, 3-қаватда жойлашган хонадонда юз берган.

Портлаш оқибатлари ниҳоятда даҳшатли. Таъкидлаб ўтиш керакки, уй ўша пайтда сифатли қилиб қурилган экан. Йўқса бутун подъезд қулаб тушган бўлар эди.

Квартиранинг поли ва шифти қулаб тушган. Яъни 2-қават ва 4-қаватлар орасидаги ораёпма плиталар портлаш тўлқинига дош бермаган. Шунингдек, хонадонга қўшни подъезддаги ёндош квартира ўртасидаги девор ҳам сочилиб кетган. Портлаш содир бўлган хонадоннинг ошхонаси ва ҳаммомида ёнғин ҳам содир бўлгани кўриниб турибди.

Зарбдор тўлқин шу даража кучли бўлганки, подъезддаги хонадонларнинг темир эшиклари ўрнидан отилиб чиққан, лифт эшиклари ҳам жойидан қўзғалган.

Қўшни 5 қаватли турар жойлардаги хонадонларнинг деразалари ҳам портлаш тўлқини сабаб сочилиб кетган. Биз воқеа жойига борганимизда зарар кўрган хонадонларга дераза ўрнатиб берилаётган экан.

Газ портлаши оқибатида кўп қаватли уйга жиддий шикаст етган. Бинонинг мустаҳкамлиги издан чиққан. Арзимаган кучга эга зилзила туфайли ҳам “дом” қулаб тушиши мумкин. Уйлардан қисирлаган турли овозлар келмоқда экан. Шу сабабли бугун 11 сентябр куни кўп қаватли уйдан одамлар тўлиқ чиқарилмоқда.

86-уйнинг бу қисмида учта подъездда 48 та хонадон бор экан. Уйнинг биринчи қавати нотурар бўлиб, дўконлар бўлган. Энди қўшимча уйи борлар ўз уйларига, хонадонсиз қолганлар Қорасув массивида қурилган янги уйларга вақтинчалик кўчирилмоқда. 86-“дом”нинг учдан бир қисми бузилиб, ўрнига янги 9 қаватли уй қуриб берилади.

Масъуллардан бирининг билдиришича, портлаш кучининг бу даражада юқори бўлиши ва уйнинг тиклаб бўлмас зарарланишига хонадон эгаларининг лойиҳадан четлашган ҳолда ўзбошимчалик билан балконларни беркитиб олишлари ҳам сабаб бўлган. Бундай ноқонуний қайта қуришлар уйнинг вентиляция тизимига таъсир ўтказади, конструкцияларга қўшимча юк тушишига олиб келади.

Энг характерлиси, биз борган чоғимизда “дом”нинг биринчи подъездида ёнғин содир бўлди. Электр шитига ўт кетди. Бу домга икки томондан зич қилиб қўшимча бинолар қурилган, шу сабабли ўт ўчириш машинаси ҳовлига кира олмасдан қийналди. Яхшиямки, ўт учирувчилар идораси юз метр нарида жойлашган. Зудлик билан етиб келишди.

Хуллас, портлаш юз берган уйнинг бир қисми бутунлай бутунлай бузиб ташланиб, давлат томонидан бошқатдан қуриб берилади. Айни пайтда шу пайтгача яшаб келган оилалар ўз хонадонларидан гиламлар, мебеллар ва маиший техникаларни ташиб кетишмоқда.

Қайд этиб ўтиш жоизки, воқеа юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда суриштирув ишлари ҳам олиб борилмоқда.

Шуҳрат Шокиржонов,
Жаҳонгир Алибоев.
Kun.uz

Мавзуга оид