Трамп Камала Ҳаррис билан иккинчи дебатдан бош тортди
АҚШнинг собиқ президент Доналд Трамп ўз рақиби, Демократик партия номзоди Камала Ҳаррис билан яна бир сайловолди дебатида иштирок этмаслигини маълум қилди. Трамп биринчи дебатда ғалаба қозонганини ва Ҳаррис вице-президент сифатидаги ишига «эътибор қаратиши кераклигини» айтди.
АҚШнинг собиқ президент Доналд Трамп ўз рақиби, Демократик партия номзоди Камала Ҳаррис билан яна бир сайловолди дебатида иштирок этмаслигини маълум қилди.
«Учинчи дебат бўлмайди!» – дея ёзган у ўзига тегишли бўлган Truth Social ижтимоий тармоғида капслок билан.
Трамп июн ойида Жо Байденга қарши илк дебатни ўтказган, ўшандаги муваффақиятсизлик АҚШнинг амалдаги президенти пойгани тарк этишига олиб келганди.
Трампнинг сайловлар олдидан Камала Ҳаррисга қарши иккинчи дебати – шу ҳафтада Филаделфияда ташкиллаштирилди.
Трамп ўзини ғолиб деб билаётган бўлса-да, кўплаб сиёсий экспертлар Ҳаррис яхшироқ қатнашганини айтишмоқда.
«Сўровлар сешанба куни кечқурун ўтказилган дебатда мен демократларнинг радикал сўл номзоди, ўртоқ Камала Ҳаррис устидан ғалаба қозонанимни аниқ кўрсатмоқда ва у зудлик билан иккинчи дебат сўради», – дея ёзган Трамп.
«Боксчи жангни ютқазганида, унинг оғзидан чиқадиган биринчи сўз – „Мен реванш хоҳлайман“ бўлади», – дея қўшимча қилган Трамп Ҳаррисни ютқазган боксчига қиёслаб.
Республикачилар партияси номзодининг сўзларига кўра, «Камала ва Жо [Байден] томонидан юзага келтирилган барча муаммолар уннг июн ойида Байден билан ўтказилган илк дебатида, кейин Ҳаррис билан иккинчи дебат вақтида батафсил муҳокама қилинган», шунинг учун «учинчи дебат бўлмайди». «Камала сўнгги деярли тўрт йиллик даврда (Жо Байден президентлигида) нима қилиши керак бўлганига эътибор қаратиши керак. Миллионлаб жиноятчилар ва руҳий касаллар Қўшма Штатларга бутунлай назоратсиз кириб келди ва инфляция бизнинг ўрта синфимизни вайрон қилди», – деб таъкидлайди Трамп.
Пайшанба куни икки номзод ҳам дебатдаги ўзаро учрашувдан кейин илк бор муҳим штатларда сайловолди митинглари ўтказишди.
Камала Ҳаррис Шимолий Каролинада икки митинг ўтказди, Трамп Аризонадаги сайловчилар қаршисида чиқиш қилди.
Шарлоттадаги митинглардан бирида Ҳаррис «сайловчилар учун Трамп билан яна бир дебат қарз» эканини айтган.
Ҳарриснинг сайлов штаби Филаделфиядаги учрашувдан кейин дарҳол яна бир дебат ўтказишга чақириб, сайловчилар «сайлов қутиси олдида қандай танлов қилаётгани: Камала Ҳаррис билан олдинга ёки Трамп билан ортга юриши»ни билиши кераклигини таъкидлади.
Трамп кампаниясининг турли вакиллари эса дебатдан кейинги чиқишларида у яна бир дебат ўтказишдан мамнун бўлишини айтишганди.
Аризонадаги митингда собиқ президент яна бир бор реванш ўйин ҳақида эслаб, Ҳаррис «жангни ютқазгани» учун иккинчи дебат хоҳлаётганини такрорлади.
«Биз дебатларнинг икки раундини ўтказдик ва улар муваффақиятли бўлди, учинчи дебат бўлмайди», – деган у.
Трамп ва Ҳарриснинг дастлабки дебати 10 сентябр куни ABC телеканалида жонли эфирда бўлиб ўтди. Уларни 67 миллиондан ортиқ киши томоша қилган. Мунозарадан кейинги сўровлар Ҳарриснинг кам фарқ билан ғалаба қозонганини кўрсатмоқда. Кўпгина мутахассислар бир хил фикрда. Бироқ, бу ноябрдаги сайлов натижаларига қандай таъсир қилиши ҳозирча аниқ эмас, дейди таҳлилчилар.
Вице-президентликка номзодлар демократ Тимоти Уолз ва республикачи Жеймс Дэвид Вэнс 1 октябр куни дебат ўтказишга келишиб олган.
Мавзуга оид
17:48 / 22.11.2024
Трамп Пэм Бондини бош прокурор лавозимига янги номзод сифатида кўрсатди
21:00 / 21.11.2024
АҚШ–Хитой зиддияти ва Тайван омили: Трампдан нима кутиш мумкин?
11:15 / 21.11.2024
Путин Трамп билан Украинада ўт очишни тўхтатишни муҳокама қилишга тайёр — Reuters
17:20 / 20.11.2024