Жаҳон | 12:06 / 13.09.2024
6086
4 дақиқада ўқилади

Трамп ва Ҳаррис дебати қандай ўтди? Таҳлилчилар фикри

Собиқ бизнесмен ва собиқ прокурор – АҚШ президентлигига икки номзод иқтисодиёт, миграция, Ғазо ва Украинадаги урушлар ҳақида турлича позицияларга эга. Бу улар ўртасидаги биринчи ва охирги дебат бўлиши мумкин. “Геосиёсат” бутун дунё эътиборини тортган баҳс ҳақида сўз юритиш учун сиёсий таҳлилчиларни студияга таклиф этди.

Суҳбатни бошлашдан олдин Камала Ҳаррисга тўхталсак. Кутилмаганда номзодга айланган Ҳаррис сайловчилар ишончига қанчалар кира олди?

Сайфиддин Жўраев: Ҳарриснинг обрўйи кундан кунга ортиб бормоқда. Байден чиқиб кетганидан кейин демократик партия номзоди сайлов учун хайрия маблағларини бир неча баробарга оширди. Бу пул аслида сайловчиларнинг пули ҳисобланади. Буни ошириш албатта таҳсинга лойиқ иш. Кўпчилик Ҳаррисни омма олдида ўзини тута олмайди деб ҳисоблайди. Эркин кулиши ёки рақибларига тез ташланишини кўпчилик танқид қилади. Аммо охирги дебатда Ҳаррис ўзини анча босиқ тутди ва Трампдан бир поғона олдинги ўринга чиқди дейиш мумкин.

Исломхон Ғаффоров: Ҳаррис дебатларнинг бошида озроқ ҳаяжонга берилган бўлса ҳам, дебатлар охирига келиб унинг рейтингги анча ошиб кетди. Ҳатто Камала Ҳаррисни АҚШ президенти деб ҳам аташмоқда, ваҳоланки, Жозеф Байденнинг президентлик муддати 2025 йил январгача давом этади. У ўзини оммага кўрсатишга ҳаракат қилмоқда ва бу дебатларда яққол кўзга ташланмоқда. Ўтмишда прокурор бўлиб ишлагани унга катта тажриба бўлган. Дебатни кузатган АҚШ ОАВ ходимлари бу дебатда Ҳаррис ғолиб бўлганини таъкидлашмоқда. Аммо назаримда, кучлар тенг ҳозирча. Маҳаллий матбуот демократлар партиясини кўпроқ қўллаб-қувватлаётгандек. Ҳарриснинг яққол ғалабаси ҳақидаги хулосаларнинг янграшига ҳам шу сабаб бўлса керак.

Кўтарилган иқтисодий масалалар борасидаги фикрларингиз қандай?

Шуҳрат Расул: Демократлар ва Трамп томонидан таклиф қилинаётган иқтисодий лойиҳалар бир-бирига қарама-қарши. Трампда иқтисодий концепция йўқ. У барча маҳсулотларга 20 фоиз бож ўрнатиш орқали Америка иқтисодига қўшимча даромад олиб киришни мақсад қилган. Бу божлар ҳатто Европага ҳам тааллуқли бўлади. Шундан Америка 300 млрд доллар фойда кўришни режалаштирган.

Камала таклиф қилаётган иқтисодий дастур эса ўрта қатлам манфаатини ҳимоя қилишга қаратилган. Демократлар 20 фоизлик бож ҳисобига Америкага кириб келадиган товарлар нархи ошиши, бу охир-оқибат якуний истеъмолчининг зиммасига тушишини таъкидламоқдалар. Чунки кўплаб соҳаларда АҚШ саноати Хитой билан нарх борасида рақобат қилолмаяпти. Агар Трампнинг лойиҳаси амалга ошса, Америкада нарх-наво ошиб кетишига сабаб бўлади. Ва бу томондан республикачилар демократларга ён беришга мажбур.

Миграция бўйича ҳақида фикрлар янгради?

Исломхон Гаффаров: Америка жамоатчилиги мигрантлар масаласида асосан икки гуруҳга бўлинади. Бир гуруҳи Америка мигрантларни қабул қилиб, жаҳонда кечаётган масалаларга фаол аралашувини хоҳлашса, иккинчи гуруҳ бунинг тескарисини хоҳлайди – улар учун аввало Американинг ўз фуқаролари ишли ва уйли бўлиши керак. Трамп иккинчи гуруҳ манфаатларини ҳимоя қилувчи вакил.

Шуҳрат Расул: Трамп мигрантлар масаласида гапирар экан, улар Америкада итлар ва мушукларни еб кун кечиришмоқда деди. Аммо ҳеч бир Америка ОАВ бу ҳақда асосли маълумот бермаган эди. Бу ҳам Трампнинг мигрантлар масаласида демократларга ютқазганини билдирувчи энг катта мисоллардан бири бўлди.

Тўлиқ суҳбат билан видео орқали танишишингиз мумкин.

НормухаммадАли Абдураҳмонов сухбатлашди.

Мавзуга оид