Жаҳон | 10:45 / 14.09.2024
1493
2 дақиқада ўқилади

Reuters: ЕИ Россияга қарши санкцияларни узайтириш йўлларини кўриб чиқмоқда

Еврокомиссия Россия Федерацияси Марказий банки активлари музлатилишини давом эттириш ва Москвага қарши санкцияларни узайтириш вариантларини муҳокама қилмоқда, деб ёзади Reuters журналистлари манбаларга таяниб.

Фото: Reuters

Европа Иттифоқи Россия Марказий банки активларини музлатиш, шунингдек, Россиянинг Украинага бостириб кириши учун киритилган санкцияларни узайтиришнинг янги механизмларини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда 13 сентябр, жума куни манбаларга таяниб, Reuters хабар берди.

Журналистларнинг сўзларига кўра, европалик дипломатларга маблағларни кейинги музлатиш бўйича бир нечта сценарийлар таклиф қилинган. Биринчиси, Россия Федерацияси активларини беш йил давомида музлатиш, аммо бу қарорни ҳар йили қайта кўриб чиқиш. Бундай ҳолда, уни бекор қилиш учун кўпчилик овоз талаб қилинади. Иккинчи сценарий - музлатиш муддатини ҳар уч йилда бир марта бир овоздан узайтириш. Учинчиси, Россияга қарши барча санкцияларни ҳар уч йилда бир марта узайтириш. 

Ҳозирги вақтда чекловлар ҳар олти ойда бир марта янгиланиши керак ва қарор қабул қилиш учун бир овоздан маъқуллаш талаб этилади. Reuters агентлигининг таъкидлашича, Еврокомиссия бу маълумотга изоҳ беришдан бош тортган.

Россия музлатилган активлари Киевга 50 млрд долларлик кредит ажратишда муҳим рол ўйнайди

2024 йил июн ойида бўлиб ўтган «катта еттилик» (G7) саммити чоғида Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен ташкилотга аъзо барча давлатлар Украинага йил охиригача гаров сифатида 50 миллиард доллар миқдорида кредит беришга тайёрлигини тасдиқлаганликларини эълон қилди. 

Бу маблағнинг ярмини Киевга Европа Иттифоқи давлатлари, қолган ярмини эса G7 бошқа аъзолари тўлаши кутилмоқда. Киев кредитни Россия Федерацияси Марказий банкининг музлатилган активларидан унга ўтказилган фоизлар ҳисобидан тўлаши керак бўлади.

Мавзуга оид