Жаҳон | 20:49 / 16.09.2024
1845
2 дақиқада ўқилади

Брюсселда Audi заводининг ёпилишига қарши иш ташлашлар бўлиб ўтди

Ишчиларининг сони 3 мингга етадиган Audi заводи 2025 йилда савдоларнинг тушиб кетиши ва ишлаб чиқариш харажатларининг ортиши фонида ёпилиши мумкин.

Фото: Simon Wohlfahrt/Bl

Брюсселда 5,5 мингга яқин одам Audi автомобилсозлик компанияси заводининг ёпилиши оқибатида иш ўринларининг қисқаришига қарши иш ташлаш эълон қилиб, кўчаларга чиқди, деб хабар беради Bloomberg.

Ўз навбатида ташкилотчилар намойишга чиққанлар сони 10 минг кишини ташкил этаётганини маълум қилди. Таъкидланишича, улар Европа Иттифоқи инвестиция ва саноат секторидан бандликни таъминлашни талаб қилиб, иқтисодиётнинг реал секторидаги ишдан бўшатишларга қаршилигини билдирмоқда.

Ишчиларининг сони 3 мингга етадиган Audi заводи 2025 йилда савдоларнинг тушиб кетиши ва ишлаб чиқариш харажатларининг ортиши фонида ёпилиши мумкин.

Financial Times’нинг маълум қилишича, Европа автомобилсозлик компаниялари талабнинг тушиб кетиши сабаб электромобиллар ишлаб чиқаришни қисқартирмоқда — бу Евроиттифоқнинг 2035 йилга бориб ички ёнув двигателларидан воз кечиш борасидаги режаларини амалга оширишда қийинчиликларни юзага келтириши мумкин.

Аввалроқ Volkswagen Германиядаги заводларини ёпиш имкониятини кўриб чиқаётгани тўғрисида хабар берилганди. Автомобил компаниясининг бутун дунё бўйлаб жойлашган заводларида жами 650 минг ходим ишлайди, уларнинг 300 минг нафари Германиядаги ишлаб чиқариш корхоналарида фаолият юритади.

Мавзуга оид