Жаҳон | 22:42 / 18.09.2024
9515
2 дақиқада ўқилади

Исроил «урушнинг янги босқичи» бошланганини эълон қилди

Исроил мудофаа кучларининг 98-дивизияси Ғазо секторида бир неча ой давом этган жанглардан сўнг мамлакат шимолига, Ливан чегарасига кўчирилди.

Фото: AP

Исроил мудофаа вазири Йоав Галлант «урушнинг янги босқичи» бошланганини эълон қилди. Бу ҳақда Times of Israel ёзди.

Вазир «ҳарбий ҳаракатларнинг оғирлик маркази» шимолий йўналишга, яъни Ливан билан чегарага ўтказилишини эълон қилди.

«Оғирлик маркази шимолга қараб кўчмоқда. Биз кучларни, ресурсларни ва энергияни шимолга йўналтирмоқдамиз», деди Галлант ўз идораси томонидан тарқатилган баёнотда.

Қайд қилинишича, тонгда Исроил мудофаа кучларининг 98-дивизияси Ғазо секторида бир неча ой давом этган жанглардан сўнг мамлакат шимолига кўчирилган.

«Мен бу урушнинг янги босқичи арафасида эканлигимизга ишонаман ва биз мослашишимиз керак. Бизга вақт ўтиши билан изчиллик керак бўлади, бу уруш катта жасорат, қатъият ва матонат талаб қилади», деди Галлант.

Унинг сўзларига кўра, Исроилнинг шимолдаги урушининг мақсадлари «аниқ ва оддий: шимолдаги шаҳарлар аҳолисини ўз уйига эсон-омон қайтариш».

«Биз гаровга олинганларни ва жанубдаги вазифаларимизни унутганимиз йўқ. Бу бизнинг бурчимиз ва биз уни бир вақтнинг ўзида бажарамиз», деб қўшимча қилди Галлант.

Исроил армияси штаб бошлиғи Ҳерци Ха-Леви Исроилнинг «Ҳизбуллоҳ»га қарши курашда «кўпроқ имкониятлари» борлигидан огоҳлантирди.

Мавзуга оид