Жаҳон | 21:28 / 18.09.2024
11818
3 дақиқада ўқилади

Ливанда яна портлашлар рўй берди: бу сафар рация ва бошқа техникалар

«Ҳизбуллоҳ» назоратидаги оммавий ахборот воситалари турли электрон қурилмалар, гаджетлар, мотоцикллардаги электроника, автомобиллар ва бошқалар портлаганини ҳам ёзмоқда.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Ливан пойтахти Байрутда «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи аъзоларига тегишли пейжерлар, шунингдек, рация ва радиолар яна портлади. Reuters хабарига кўра, техникаларнинг портлаши 18 сентябр куни мамлакат жанубида ва Байрутнинг жанубий чеккасида қайд этилган. Рациялар «Ҳизбуллоҳ» томонидан беш ой олдин, пейжерлар билан бир вақтда сотиб олингани таъкидланмоқда.

«Ҳизбуллоҳ» назоратидаги оммавий ахборот воситалари турли электрон қурилмалар, гаджетлар, мотоцикллардаги электроника, автомобиллар ва бошқалар портлаганини ҳам ёзмоқда. Баъзи манбаларда рациялардан ташқари, ноутбуклар ва смартфонлар портлагани ҳақида хабар тарқалди, бироқ бу ҳали расман тасдиқланмаган.

Фото: Reuters

Ливандаги янги портлашлар оқибатида камида уч киши ҳалок бўлди, ўнлаб кишилар жароҳатланди. Ҳалок бўлганлар ҳақидаги маълумотларни Ливан давлат ахборот агентлиги тақдим этди, Reuters эса жароҳат олганлар ҳақида ёзди. Янги портлашлар тўлқини оқибатида юздан ортиқ киши жароҳат олди, деб хабар берди Al Hadath.

Ливаннинг давлатга қарашли Миллий ахборот агентлиги (NNA) хабарига кўра, «эски пейжерлар» Байрутнинг жанубий чеккасида ва Ливан жанубидаги уйларда портлаган. Агентликнинг қўшимча қилишича, ярадорларнинг бир нечтаси пойтахт ва Бекаа водийсида жойлашган Баалбекдаги шифохоналарга ётқизилган.

Аҳолининг сўзларига кўра, уяли телефон дўконлари ва ҳатто уйлардаги техникалар портлатилган. Баъзи турар жой биноларида ёнғин бошланган.

Портлашлардан камида биттаси 17 сентябр куни юз берган пейжер портлаши оқибатида ҳалок бўлган одамнинг дафн маросимида юз берган.

Қайд қилинишича, Ливан бўйлаб портлаган рациялар Япониянинг ICOM компанияси томонидан ишлаб чиқарилган. «Моссад» уларни худди пейжерлар каби портловчи моддалар билан жиҳозлаган бўлиши мумкин.

17 сентябр куни Ливанда «Ҳизбуллоҳ» қуролли гуруҳи аъзолари фойдаланаётган пейжерлар портлаши оқибатида камида 12 киши ҳалок бўлди, уч мингдан ортиқ киши жароҳатланди. «Ҳизбуллоҳ» пейжер портлашларида Исроилни айблади ва бунга жавобан «кескин қасос» билан таҳдид қилди. Исроил расмийлари ҳозирча воқеага изоҳ бермади.

Reuters агентлигининг Ливан хавфсизлик хизматидаги юқори мартабали манбага таяниб хабар беришича, Исроил разведка хизмати (Моссад) портлашлардан бир неча ой олдин Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи томонидан келтирилган 5 минг пейжерга портловчи моддалар ўрнатган.

Мавзуга оид