Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Neuralink кўрларнинг кўриш қобилиятини тикловчи имплантни ишлаб чиқади
Имплант ҳатто иккала кўзи ва кўриш нервини йўқотган ёки туғилгандан бери умуман кўрмаганларга ҳам ёрдам бериши таъкидланмоқда.
Илон Маскнинг Neuralink стартапи кўзи ожиз одамларга кўриш имконини берувчи Blindsight деб номланган экспериментал имплантни тақдим этди, деб ёзди Reuters. Қайд қилинишича, имплант ҳатто иккала кўзи ва кўриш нервини йўқотган ёки туғилгандан бери умуман кўрмаганларга ҳам ёрдам беради.
«Миянинг кўриш қобиғи шикастланмаган бўлса, имплант туғилгандан бери кўр бўлганларга ҳам ёрдам беради», деди Neuralink асосчиси Илон Маск.
Имплант аллақачон АҚШ озиқ-овқат ва фармацевтика назорати идорасидан (FDA) рухсат олган: у «ўта муҳим қурилма» сифатида тан олинган. Энди Neuralink имплантни инсонларда синаб кўриши мумкин бўлади, компания аллақачон аризаларни қабул қила бошлаган.
Маскнинг таъкидлашича, дастлаб Blindsight тасвир сифати паст бўлади - тахминан Atari консолларидаги графикалар билан бир хил. Аммо келажакда улар тасвирни яхшилайди, шунингдек, инфрақизил, ултрабинафша ёки ҳатто радар тўлқин узунлиги диапазонида кўриш қобилиятини қўшади.
Аввалроқ, Neuralink фалаж бўлган одамларга фикр кучи билан электрон қурилмалардан фойдаланиш имконини берувчи имплантни тақдим қилган эди. Август ойида шундай беморлардан бири имплант ёрдамида Counter-Strike 2 ўйнашга муваффақ бўлди.