Жаҳон | 08:10 / 19.09.2024
9774
4 дақиқада ўқилади

БМТ Бош ассамблеяси Исроилни Фаластин ҳудудини тарк этишга чақирди

Ўзбекистон ҳам Фаластин ҳудудидан Исроил қўшинлари чиқиб кетишига овоз берди. Мажбурий бўлмаган ҳужжат Исроил қўшинларини бир йил ичида Фаластин ҳудудидан олиб чиқиб кетишини талаб қилади. Исроил резолюцияни кескин рад этди.

Фото: un.org

Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо давлатлар 18 сентябр, чоршанба куни Исроилнинг Фаластин ҳудудларини босиб олишини 12 ой ичида тўхтатиш ва резолюцияга риоя қилмаган тақдирда санкциялар қўллашни талаб этувчи резолюцияни қабул қилиш учун овоз берди. Ҳужжатни 124 давлат қўллаб-қувватлади, 14 давлат қарши овоз берди, яна 43 давлат бетараф қолди. Исроил резолюцияни «бузилган» ва «бемаъни» деб атади.

Ўзбекистон ҳам Фаластин ҳудудидан Исроил қўшинлари чиқиб кетишига овоз берди.

Резолюцияда Исроил қўшинларини Фаластин ҳудудидан олиб чиқиб кетиш, янги аҳоли пунктлари қурилишини тўхтатиш, босиб олинган ер ва мулкларни қайтариш, шунингдек, кўчирилган фаластинликларнинг қайтиши талаб қилинади. Мажбурий бўлмаган ҳужжат Халқаро суднинг 1967 йилдан бери босқинчилик «ноқонуний» эканлиги ҳақидаги маслаҳат хулосасига асосланади.

Резолюция Фаластин делегацияси томонидан 2024 йилнинг май ойида БМТ органларидаги ҳуқуқлари кенгайтирилганидан кейин биринчи марта киритилган. Фаластин маъмуриятининг БМТдаги доимий кузатувчиси Риёд Мансурнинг айтишича, ҳужжатдан мақсад «халқаро ҳамжамиятнинг Бош ассамблеядаги босими ва Халқаро суднинг тарихий қарори босимидан фойдаланиб, Исроилни ўз хатти-ҳаракатларини ўзгартиришга мажбур қилиш».

Исроил резолюция ҳақида: «Шармандали қарор»

Исроил резолюцияни кескин рад этди. Исроилнинг БМТдаги доимий вакили Дани Данон овоз беришни «Фаластин маъмуриятининг дипломатик терроризмини қўллаб-қувватловчи шармандали қарор» деб атади. «Бош ассамблея 7 октябр қирғинининг бир йиллигида Ҳамасни қоралаш ва қолган барча гаровга олинганларни озод қилишга чақириш ўрнига, Ҳамас қотилларини қўллаб-қувватлаётган Фаластин маъмурияти оҳангида рақсга тушишда давом этмоқда», — деди Данон.

Исроил Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Орен Марморштейн ижтимоий тармоқда: «Халқаро сиёсат шундай кўринишга эга», деб ёзди. Марморштейннинг сўзларига кўра, бу «воқеликдан ажралган, терроризмни рағбатлантирадиган ва тинчлик имкониятларига зарар етказадиган бузилган ечим».

Ўз навбатида, АҚШнинг БМТдаги элчиси Линда Томас-Гринфилд овоз беришдан олдин резолюцияни «ғазаблантирувчи» деб қоралади ва «тинчлик ишини илгари сурмайди» деди. Томас-Гринфилд: «Резолюцияда, жумладан, террорчи ташкилот бўлмиш Ҳамас ҳозирда Ғазода ҳокимият, назорат ва таъсир ўтказаётгани тан олинмайди», деди. АҚШ, Венгрия, Чехия, Аргентина ва бошқа бир қанча давлатлар резолюцияга қарши овоз берди. Германия бетараф қолди.

Яқин Шарқдаги кескинлашув

2023 йил 7 октябр куни эрталаб Ҳамаснинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

Ҳамаснинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида Ҳамасга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 41 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид