Жаҳон | 11:20 / 19.09.2024
3172
2 дақиқада ўқилади

Шимолий Корея яна ракета синовларини ўтказди

Ким Чен Ин ташқи кучларнинг «жиддий таҳдиди» туфайли Шимолий Корея ядровий салоҳиятини «янада кенгайтириш зарурлигини» эълон қилди.

Фото: KCNA

Шимолий Корея «ўта катта каллаклар» ва модификацияланган қанотли ракеталарга эга янги тактик баллистик ракеталарни синовдан ўтказди. Бу ҳақда 18 сентябр, чоршанба куни КМТА давлат ахборот агентлиги хабар берди.

Қуролларни синовдан ўтказишни Ким Чен Ин бошқарган. КХДР етакчиси ташқи кучларнинг «жиддий таҳдиди» туфайли мамлакат ядровий салоҳиятини «янада кенгайтириш зарурати»ни маълум қилди. КМТА маълумотларига кўра, синовларда оғирлиги 4,5 тонна бўлган «Хвасонпхо-11да-4,5» баллистик ракетаси фойдаланилган.

Аввалроқ Жанубий Корея ҳарбийлари КХДР қисқа масофага учувчи бир нечта ракеталарни учиргани ҳақида хабар берган эди. Бу Шимолий Кореянинг бир ҳафта ичида иккинчи ракета синови бўлди. Бундан ташқари, 13 сентябр куни Пхенян биринчи марта Ким Чен Иннинг уранни бойитиш бўйича объектга ташрифи акс этган кадрларни эълон қилди.

Шимолий Корея ядровий дастури

Шимолий Корея биринчи марта ядровий синовларни 2006 йилда ўтказган. Мамлакат ракета ва ядровий дастурлари туфайли БМТнинг кенг қамровли санкциялари остида. Шу пайтгача Шимолий Корея уранни бойитиш заводи ҳақида ҳеч қачон очиқ хабар бермаган. Бундай иншоотлар ядровий қурол ишлаб чиқариш учун зарур бўлган юқори даражада бойитилган уранни ишлаб чиқаради. Бунинг учун уран хомашёси центрифугаларда юқори тезликда тезлаштирилади.

Санкцияларга қарамай, Шимолий Корея ядровий дастурини ривожлантирмоқда. Бунга Хитой ва Россия қисман ёрдам беради.

Мавзуга оид