Ўзбекистон | 16:25 / 19.09.2024
7355
3 дақиқада ўқилади

«Судга ижтимоий босимнинг олдини олиш учун жараён ёпиқ ўтказиляпти» – Судялар олий кенгаши Азиз Воитов иши ҳақида

Собиқ қишлоқ хўжалиги вазири ва яна 49 судланувчига доир кўрилаётган жиноят ишига томонлардан бири журналистлар киритилмасин, дея илтимоснома киритган. Судялар Олий кенгаши масъули Турсунали Акбаровнинг маълум қилишича, тарафлар ўртасидаги муҳокамадан сўнг иш жараёнида сизиб чиқадиган турли маълумотлар суд ишига ижтимоий босим пайдо қилиши олдини олиш учун судя жараённи ёпиқ тарзда ўтказиш ҳақида ажрим чиқарган.

Фото: Daryo

19 сентябр куни АОКАда Судялар олий кенгаши мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов иши ёпиқ кўрилаётгани ҳақида савол берилди. Судялар олий кенгаши матбуот котиби Турсунали Акбаровнинг маълум қилишича, суд мажлисида журналистлар иштироки бўйича ажрим - тарафларнинг фикрини олган ҳолда чиқарилган.

«Собиқ қишлоқ хўжалиги вазири ва у билан яна 49 судланувчининг иши кўриб чиқилишига доир ишда дастлаб очиқ суд мажлиси бўлган ва журналистлар унда қатнашган. Журналистларнинг иштироки бўйича тарафларнинг фикрини олган ҳолда суд ажрим чиқарган. Биринчи ажрим мазмунида журналистларнинг иштирокига ҳеч қандай монелик йўқ бўлган. Фақат улар иш қуролларидан фойдаланиши – видео-фото ва овоз ёзиб олиши судда раислик этувчининг розилиги билан амалга оширилади, дейилган эди. Бу қонунда ҳам бор.

Турсунали Акбаров, Судялар олий кенгаши матбуот котиби Фото: АОКА

Чунки ЖПК талабларидан келиб чиқилса, жараённи оммага ёритишда, очиқликни таъминлашда, албатта, тарафларнинг фикри инобатга олинади. [Ўша судда] айрим судланувчилар ва уларнинг адвокатлари жараённи тасвирга олишга ўзларининг эътирозларини билдирган, шундан келиб чиқиб тақиқ қўйилган. Судни ёпиқ ўтишига келадиган бўлсак, кейинги суд мажлисида судланувчилардан бирининг адвокатидан илтимоснома тушган. Унда суд ёпиқ тарзда кўрилса, журналистлар киритилмаса, деган илтимоснома киритилди. Бу ҳам тарафлар ўртасидан муҳокама қилинди. Иш кўриш жараёнида ҳар-хил аҳамиятли бўлган маълумотлар сизиб чиқадиган бўлса ва ҳар хил муҳокамалар бўлса, бу суд ишига муайян таъсир ўтказиши ёки судга нисбатан ижтимоий босим пайдо бўлиши олдини олиш мақсадида суд жараёнини ёпиқ тарз ўтказиш ҳақида ажрим чиқарилди.

Ажримдан норози тарафлар юқори суд инстанциясига мурожаат қилиши мумкин. Бу судянинг процессуал ҳаракати бўлиб, унга судялар олий кенгашининг баҳо беришга ваколати йўқ.

Бу ерда фақат собиқ вазирнинг иши кўрилмаяпти, 50 киши бор. Уларнинг ҳаммаси якдил иш очиқ кўрилсин, демаяпти. Агар суднинг бу ажримидан норозилик бўлса, юқори турувчи судга умумий қарор устидан процессуал шикоят берилади», – дея Судялар Олий кенгаши мутасаддисининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

5 сентябр куни жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди биносида собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ва бошқаларга (жами 50 киши) оид ишни жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди томонидан биринчи инстанцияда кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни бошланди.

Ушбу суд ишида дастлаб журналистларга фото ва видеога олиш, кейинроқ бутунлай суд мажлисини ёритиш тақиқланди. Антикоррупция агентлиги мазкур ишда суд мажлислари очиқ тарзда ўтказилиши мақсадга мувофиқлигини билдирди.

Мавзуга оид