Жаҳон | 20:54 / 20.09.2024
15635
6 дақиқада ўқилади

АҚШдаги 2024 йилги сайловлар: сўровлар нимани кўрсатмоқда?

АҚШда сайловчилар кейинги президентни сайлаш учун 5 ноябр куни сайлов участкаларига чиқишади. Аввалига сайловлар 2020 йилда ҳам президентликка рақобатлашган демократ Жо Байден ва республикачи Доналд Трамп ўртасидаги реванш-баҳсга айланиши кутилганди. Аммо июлда вазият ўзгарди: Байден пойгадан чиқишга қарор қилди ва вице-президент Камала Ҳаррис номзодини қўллаб-қувватлади.

Фото: BBC

Сайлов куни яқинлашаркан, BBC ушбу мамлакатдаги сайловолди кампанияси Оқ уй учун курашга қандай таъсир кўрсатаётганини кўрсатиш учун сўровларни кузатди.

Миллий сўровларда ким етакчилик қилмоқда?

Қуйидаги диаграммада кўрсатилганидек, Демократик партия номзоди Камала Ҳаррис умуммиллий сўровларда, ўртача ҳисобда Трампни бироз ортда қолдирган (сўровлардаги сўнгги маълумотлар энг яқин бутун сонга яхлитланган).

Сўровларга кўра, президент Байден пойгадан чиқиш ҳақидаги қарорини эълон қилишидан олдинги ойлар давомида собиқ президент Трампдан ортда қолаётганди. Ўша вақтда Ҳарриснинг номзодига жиддий эътибор қаратилмаган, аммо унда ҳам ишлар яхши бўлмайди, деб тахмин қилинганди.

Аммо унинг номзоди илгари сурилгач, вазият ўзгарди ва сўровлар Ҳаррис ўз рақибидан кичик устунликка эгалигини кўрсата бошлади; бу фарқ ҳозирга қадар сақланиб қолмоқда.

10 сентябр куни икки номзод Филаделфияда дебат ўтказди, буни ABC телеканали эфирида 67 миллиондан ортиқ киши жонли равишда кузатди. Дебатлар тугаши биланоқ эълон қилинган бир неча сўровлар томошабинларнинг кўпчилиги Ҳаррис яхшироқ қатнашди, деган фикрда эканини кўрсатди.

Шундан кейинги вақт давомида ўтказилган умуммиллий сўровларнинг кўпчилиги Ҳаррис ўз позицияларини бироз яхшилагани ва ўртача кўрсаткич жиддий ўзгармаган бўлса-да, унинг устунлиги бироз ортганини кўрсатган — дебатлар кунидаги 2,5 пунктдан бир ҳафта ичида 2,9 пунктгача.

Бундай кичик ўсиш асосан Трампнинг кўрсаткичлари пасайиши ҳисобига бўлган. Дебатдан олдин унинг ўртача кўрсаткичи ўсиб борганди, аммо дебатдан кейинги бир ҳафта давомида ярим фоизга камайди.

Бундай кичик ўзгаришларни қуйидаги сўровномалар жадвалида ҳам кўриш мумкин: чизиқлар ўртача кўрсаткичлар қандай ўзгариб боргани, нуқталар эса ҳар бир номзод учун алоҳида сўровлардаги натижаларни ифодалайди.

Умуммиллий сўровлар — номзоднинг мамлакат бўйлаб машҳурлиги индикатори бўлса-да, доим ҳам уларга қараб сайловлар натижаларини олдиндан айтиб бўлмайди.

Бу АҚШда сайловчилар ҳайъати тизимидан фойдаланилиши билан боғлиқ, унга кўра, ҳар бир штат ўз аҳолиси сонига қараб овозга эга бўлади. Ўртага жами 538 делегат овози қўйилади, шунинг учун номзод ғалаба қозониш учун камида 270 делегат овозини олиши талаб этилади.

АҚШда 50 штат бор, аммо уларнинг аксари қайси партияга овоз бериши олдиндан маълум бўлади, амалда ҳар икки номзодда ҳам ғолиблик учун имконият бўлган бир неча штат мавжуд. Бундай «иккиланувчи» штатлар, қоидага кўра сайловлар тақдирини ҳам ҳал этади.

Иккиланувчи штатларда ким устунлик қилмоқда?

Ҳозирда еттита бундай штатда икки номзоднинг ҳам натижалари бир-бириникига яқин, шунинг учун пойгада амалда ким етакчилик қилаётганини аниқ белгилаш қийин.

Штатлардаги сўровлар умуммиллий сўровлардан камроқ, шунинг учун журналистлардаги маълумотлар ҳам камроқ. Қолаверса, бу сўровларда бўладиган муқаррар ноаниқликларни ҳам ҳисобга олиш лозим бўлади.

Сўнгги сўровлар шуни кўрсатмоқдаки, бир неча штатларда номзодларни бир ёки ундан кам пункт ажратиб турибди. Жумладан, муҳим штат ҳисобланадиган ва овозлар сони кўпроқ бўлган Пенсилванияда ҳам.

Трампдан фарқли ўлароқ, Камала Ҳаррис кўплаб сайловчиларга унча яхши таниш эмасди. Фото: Getty Images

Қачонлардир Пенсилвания, Мичиган ва Висконсин демократларнинг таянч ҳудудлари бўлган, аммо 2016 йилда улар Трамп учун овоз беришади. 2020 йилда Байден бу штатларда ғалабага эришди ва агар Ҳаррис ҳам унинг муваффақиятини такрорлай олса, унинг ғалабаси яқинроқ бўлади.

Ҳозирча Ҳаррис Трампни еттита иккиланувчи штатдан тўрттасида ортда қолдирмоқда: Невада, Пенсилвания, Мичиган ва Висконсинда (охирги иккитасида — 2 ва 3 фоиз фарқ билан). Шимолий Каролина, Жоржия ва Аризонада собиқ президентнинг устунлиги бир фоизга яқин.

Бу ўртача кўрсаткичлар қандай ҳосил қилинган?

Рақамлар Американинг ABC News янгиликлар тармоғининг бир қисми саналадиган «538» сўровлар таҳлили сайтидан олинган.

Уларни яратиш учун «538» кўплаб социологик компаниялар миллий миқёсда ҳам, алоҳида штатларда ҳам ўтказган алоҳида сўровлардан маълумотларни йиғади.

«538» ўз статистикасига фақат маълум мезонларга мос келадиган сўровларни киритади. Масалан, уларнинг муаллифлари қанча одамдан жавоб олингани, сўров қачон ўтказилгани ва қандай ўтказилгани (телефон қўнғироқлари, матнли хабарлар, онлайн ва ҳоказо) тўғрисидаги маълумотларни тақдим этган бўлиши керак.

Демократлардан Ҳарриснинг номзоди кўрсатилиши Трампга муваффақиятсиз суиқасд мавзусини иккинчи планга ўтказди

Сўровларга ишонса бўладими?

Айни вақтда сўровлар кўрсатмоқдаки, Камала Ҳаррис ва Доналд Трампни миллий миқёсда ҳам, иккиланувчи штатларда ҳам бир-биридан икки фоизлик фарқ ажратиб турибди — кўрсаткичлар бунчалик яқин бўлганида ғолибни олдиндан айтиш жуда қийин бўлади.

Сўровлар 2016 йилда ҳам, 2020 йилда ҳам Трампни қўллаш даражасини тўғри баҳолай олмаганди.

Сўровларни ўтказадиган компаниялар бу муаммони турли йўллар билан ҳал этишга уринади, жумладан, аҳолининг айнан сайловларда фаол қатнашадиган қатламида сўров ўтказиш орқали.

Аммо бундай тузатишлар ҳам натижалар ишончлилигига 100 фоиз кафолат бермайди, чунки 5 ноябр куни участкага кимлар келишини фақат ўша куни билиш мумкин.

Ҳозирча эса социологлар фақат кўпроқ ёки камроқ асосланган прогнозлар бериши мумкин.

Сайлов куни ноябрда келса-да, айрим ҳал қилувчи штатларда, жумладан, улардан энг муҳими Пенсилванияда ҳам сентябрдаёқ муддатдан олдин овоз бериш жараёнлари бошланди.

Мавзуга оид