Жаҳон | 10:00
3537
3 дақиқада ўқилади

Россияни бир йил ичида 2 млндан ортиқ мигрант тарк этди

2024 йил сентябр ойи бошида, расмий маълумотларга кўра, Россияда 6,2 миллион хорижий фуқаро рўйхатга олинган. Бир йил аввал бу кўрсаткич 8,5 миллион киши эди.

Фото: msk1.ru

Расмий идораларнинг хабарларига кўра, ўтган йил давомида 2 миллиондан ортиқ чет эл фуқаролари Россияни тарк этган. 18 сентябр куни Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг Миграция масалалари бўйича бош бошқармаси маълум қилишича, айни пайтда мамлакатда 6,17 миллион хорижий фуқаро рўйхатга олинган.

«Жорий йилнинг 1 сентябр ҳолатига кўра, миграция рўйхатидан ўтиш давлат ахборот тизимида маълумотлари мавжуд, Россияда бўлган чет эл фуқаролари сони 6 миллион 174 минг 777 нафарни ташкил қилди», — дейилади вазирлик хабарида.

Шу билан бирга, бутун 2023 йил давомида Россия Федерациясида 8,5 миллиондан ортиқ киши миграция учун рўйхатдан ўтган, деди июн ойи охирида Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Татяна Москалкова. «Асосан, МДҲга аъзо давлатларнинг фуқаролари мамлакатимизда ишлаяпти. 2023 йилда ҳудудимизга 9 миллион 973 минг 338 киши кириб келган. Улардан 8 миллион 507 минг 906 нафари миграция учун рўйхатга олинган», — деди Москалкова.

РФга мигрантлар оқими камайиши

Шу билан бирга, жорий йилнинг июл ойида Росстат Россияга мигрантлар оқими сўнгги ўн йил ичида минимал даражага тушгани ҳақида хабар берган эди. 2023 йилда Россия Федерациясига чет элдан 560 минг киши келган, бу ўтган йилга нисбатан 23 фоизга кам, ўша пайтдаги оқим 730 минг кишини ташкил этган, дея таъкидлади идора.

Март ойида Москва яқинидаги «Крокус Сити Холл» концерт залидаги терактдан кейин Россия ҳукумати миграция сиёсатини кучайтира бошлади. Июн ойида Давлат думаси Россия Федерациясида мигрантларнинг бўлиш тартибини қатъийлаштирувчи қонун лойиҳасини қабул қилди. Ҳужжат 2025 йил 5 февралдан кучга кириши керак.

Сентябр ойи бошида Тожикистон Россия Федерацияси ҳудудида амалдаги «хорижий фуқароларнинг кириб келишини назорат қилишнинг кучайтирилган режими» муносабати билан ўз фуқароларига «ўта зарурат бўлмаса, Россия Федерациясига боришдан вақтинча воз кечишни» тавсия қилган эди. Аввалроқ Қирғизистон ҳам худди шундай тавсия билан чиқди.

Мавзуга оид