Жаҳон | 22:04 / 21.09.2024
13102
2 дақиқада ўқилади

Портловчи пейжерларни етказган компания бош директори ғойиб бўлди — Reuters

BAC Consulting Тайваннинг Gold Apollo компаниясидан пейжерлар учун лицензия олган. Кейинчалик улар «Ҳизбуллоҳ»га етказилган.

Кристиана Барсони-Арчидиаконо

Портлаган пейжерлар билан боғлиқ бўлган BAC Consulting компанияси бош директори, 49 ёшли Кристиана Барсони-Арчидиаконо бедарак йўқолди. Бу ҳақда Reuters ёзди.

Агентлик маълумотларига кўра, аёл портлашлар ва оммавий ахборот воситаларининг ўз шахсига қизиқишидан сўнг дарҳол ғойиб бўлган. Шундан бери у жамоат жойларида кўринмаган ва қўшнилари ҳам уни кўрмаганини айтишган. У нашр қўнғироқлари ёки хатларига жавоб бермаяпти, журналистлар ҳам Будапешт марказидаги уйига борган, аммо жавоб бўлмаган.

17 сентябр куни Ливаннинг бир қанча шаҳарларида портатив пейжерлар, жумладан, «Ҳизбуллоҳ» жангарилари ишлатадиган қурилмалар портлади. 12 киши ҳалок бўлди, 2 мингдан ортиқ киши яраланди. Reuters агентлигининг ёзишича, BAC Consulting Тайваннинг Gold Apollo компаниясидан пейжерлар учун лицензия олган. Кейинчалик улар «Ҳизбуллоҳ»га етказилган.

NBC News телеканалининг Ливандаги портлашлар ҳақидаги саволига Кристиана Барсони-Арчидиаконо шундай жавоб берди: «Мен пейжер ишлаб чиқармайман, шунчаки воситачиман. Менимча, сиз ҳамма нарсани нотўғри тушундингиз».

BAC Consulting 2022 йилда Будапештда рўйхатдан ўтган. 18 сентябр куни эрталаб унинг веб-сайти ишламай қолди. Қайд қилинишича, аввал унда ҳеч қандай бўлимлар ёзилмаган ва компания нима қилаётганини тушуниш деярли имконсиз эди.

Мавзуга оид