Жамият | 22:01 / 23.09.2024
2312
2 дақиқада ўқилади

Британия музейида «Ипак йўллари» кўргазмаси ўз ишини бошлайди

Британия музейида намойиш этиладиган экспонатлар V-X асрлар оралиғида Ипак йўли бўйлаб ҳаракатланган инсонлар, маҳсулот ва ғоялар маданий ҳамда тарихий алоқаларнинг ривожланишига қандай хизмат қилганини кўрсатади.

Фото: Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси

Тез кунда машҳур Британия музейида «Ипак йўллари» кўргазмаси ўз ишини бошлайди. Бу ҳақда президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева ўзининг Telegram каналига ёзиб қолдирди.

«Ўзбекистондан олиб бориладиган ноёб осори атиқалар бой маданий меросимизни, диёримизнинг Ипак йўли тарихидаги муҳим ўрнини акс эттиради», — деб ёзади Мирзиёева.

Қайд этилишича, Британия музейида намойиш этиладиган экспонатлар V-X асрлар оралиғида Ипак йўли бўйлаб ҳаракатланган инсонлар, маҳсулот ва ғоялар маданий ҳамда тарихий алоқаларнинг ривожланишига қандай хизмат қилганини кўрсатади. Кўргазма 2024 йил 26 сентябрдан 2025 йил 23 февралга қадар ташриф буюрувчилар учун очиқ бўлади.

Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси «Ипак йўллари» кўргазмаси учун Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси ҳамда Ўзбекистон давлат санъат музейида сақланаётган 14 та экспонатни тақдим этиши тўғрисида июн охирларида хабар берилган эди.

Улар орасида Марказий Осиёнинг Буюк Ипак йўли тарихидаги аҳамиятига далолат бўлувчи Варахша саройи алвон меҳмонхонасининг деворий сурати, қопқоқли суякдон, сўғд ёзуви туширилган кумуш идиш, Кофирқалъа харобасига оид кўза ва бошқа ноёб археологик топилмалар мавжуд.

Мавзуга оид