Фан-техника | 14:30 / 23.09.2024
2131
3 дақиқада ўқилади

SpaceX 2026 йилгача Марсга бешта кема учирмоқчи

Илон Маскнинг айтишича, агар SpaceX учувчисиз миссиялари муваффақиятли амалга оширилса, одамлар тўрт йилдан кейин қизил сайёрага учиб кетишади. Муаммолар юзага келса, бошқариладиган парвозлар яна икки йилга кечиктирилади.

Фото: SpaceX

Американинг SpaceX компанияси яқин икки йил ичида Марсга «тахминан бешта» экипажсиз Starship космик кемасини учиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 22 сентябр, якшанба куни ушбу икки компания раҳбари Илон Маск Х ижтимоий тармоғида ёзди. «Агар уларнинг барчаси хавфсиз қўнса, тўрт йилдан сўнг экипажли парвозлар мумкин бўлади, агар муаммолар юзага келса, экипаж парвозлари яна икки йилга қолдирилади», дейилади баёнотда. Маскнинг аниқлик киритишича, синов босқичининг икки йил давом этиши уларни фақат сайёралар (Ер ва Марс) «тенглашганда» ўтказиш имконияти билан боғлиқ, унинг сўзларига кўра, бу икки йиллик циклга эга.

Тадбиркор шунингдек, SpaceX космик кемаларининг қизил сайёрага парвозларини ишлаб чиқиш ва учириш «экспоненциал даражада» оширилишини башорат қилмоқда. «Биз космик саёҳатчи бўлишни истаган ҳар бир киши Марсга бориш имкониятига эга бўлишини истаймиз! Бу сиз, оилангиз ёки дўстларингиз — ажойиб саргузаштни орзу қилган ҳар бир кишини англатади. Охир-оқибат Марсга минглаб Starship кемалари боради ва бу ажойиб томоша бўлади!» — деб ёзади Маск.

Тадбиркор Ер юзида қайтариб бўлмайдиган коллапслардан хавотирда

SpaceX раҳбари Ерда «цивилизацияни заифлаштирадиган, Марсга таъминот кемаларини жўнатиш қобилияти йўқотиладиган» қайтарилмас жараёнлар содир бўлгунга қадар, инсоният «барқарор кўп сайёрали» бўлиши керак деб ҳисоблайди. Булар орасида Маск ядровий уруш, маълум бир «супервирус» ва демографик инқирозни санади.

Тадбиркор шахсан ўзи ва компанияси ривожланиши учун ҳозирги замоннинг энг катта муаммосини Қўшма Штатлардаги барча йирик лойиҳаларга тааллуқли бўлган «бюрократик қоғозбозлик билан бўғиш»да кўради. У Калифорнияни мисол тариқасида келтирди, у ерда, унинг сўзларига кўра, тезюрар темирйўлга қарийб 7 миллиард доллар ва бир неча йил сарфланган, бунинг натижасида штат «атиги 1600 фут узунликдаги бетон участкасини олган (тахминан 500 метр)!»

Маскнинг сиёсий мессежи

Худди шу хабарда, Марсга парвозлар эълон қилинишидан бошлаб, АҚШда бўлажак президентлик сайловларида Республикачилар партиясидан номзод Доналд Трампга хайриҳох бўлган Илон Маск «Камаланинг потенциал режими (демократик номзод Камала Ҳаррис) бўйича кўплаб хавотирлар»ни билдирди.

«Мен ҳозирда Американи бўғиб ўлдираётган бюрократия демократик маъмурият остида ўсиши аниқ эканига ишонаман, бу Марс дастурини йўққа чиқаради ва инсониятни ҳалок қилади», деб якунлади SpaceX раҳбари ва ўз обуначиларини «инсоният тақдири чорраҳасида» ёрдам беришга чақирди.

Мавзуга оид